Жаҳон | 11:49 / 31.03.2020
24636
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда коронавирусдан ўлганлар махсус полигонда дафн қилинади

Қозоғистоннинг Алмати шаҳри маъмурияти баёнотига кўра, коронавирус инфекциясидан ўлганлар шаҳар ҳудудидан ташқарида, махсус полигонда дафн қилинади. Бу ҳақда товар ва хизматларнинг сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш департаменти раҳбари Айзат Молдагасимова хабар берди.

Фото: Владимир Третьяков / AP / TASS

Маъмурият томонидан тасдиқланган тартибга кўра, ўлганларнинг жасади ёриб кўрилмайди, аммо «махсус воситалар» билан дезинфекция ва изоляция қилинади.

«Алматида коронавирусдан ўлганлар йўқ, аммо зарур чора-тадбирларни белгилаб олганмиз. Шаҳар ҳудудидан ташқарида, аҳоли яшайдиган жойлардан узоқда бўлган полигон белгилаб қўйилди. У барча хавфсизлик чораларига кўра шаҳардан узоқда бўлади», – деди Молдагасимова.

Қозоғистонда 30 март ҳолатига коронавирус билан хасталанган 302 бемор аниқланган. Улардан бири вафот этган, 21 нафари соғайган. Инфекциянинг асосий ўчоқлари – Нур-Султон (168) ва Алмати (73) ҳисобланади. Ҳар иккала шаҳарда карантин эълон қилиниб, кириш ва чиқиш чекланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид