Жамият | 15:52 / 01.04.2020
59675
4 дақиқада ўқилади

Қўқонда ИИБ ходимларига бўйсунмасликка даъват қилган депутат қамоққа олинди

ИИБ ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатишда айбланган қўқонлик депутат М.А. 30 март куни 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: KUN.UZ

Суд қарорида келтирилишича, М.А. (1976 й.т., хусусий корхона раҳбари, Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутати) 28 март куни соат тахминан 22:30ларда Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутатлари аъзо Telegram`даги гуруҳ орқали ички ишлар ходимларига нисбатан қўпол сўзлар ишлатиб, уларга нисбатан камситувчи ҳақоратомуз фикрлар билдириб, ИИБ ходимларининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка омма олдида ҳар қандай шаклда даъватлар қилиб, сохта уйдирмаларни тарқатган.

Қўқон шаҳар прокурорининг 30 мартдаги тақдимномасига асосан, Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгашининг шу куни қабул қилинган қарори билан М.А.ни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик берилган.

Айбланувчи суд мажлисида тадбиркор экани, карантин вақтида кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бераётганини айтиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, 28 март куни соат тахминан 16:00ларда фуқароларга озиқ-овқат тарқатиб қайтиб келиб, Муқимий шаҳарчасидан Қўқон шаҳрига кириш йўлида ўрнатилган блок постидан ўтиб шаҳарга кирмоқчи бўлганларида ИИБ ходимлари мумкин эмаслигини айтишган. Шундан сўнг айланма йўллар билан шаҳарга киришган.

М.А.нинг айтишича, шундан сўнг соат 18:00ларда Қўқон шаҳар ҳокимлигига бориш мақсадида ўзининг “Малибу” русумли автомашинасида йўлга чиқиб, Истиқлол ва Турон кўчалари кесишмасида ўрнатилган блок постига келган, постда турган ИИБ ва Миллий гвардия ходимларига машинасида кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари борлигини айтиб, ҳокимиятга ўтишга рухсат сўраган. Улар эса ўтиш мумкин эмаслигини айтишган. Шунда ўзи уларга депутатлик гувоҳномаси ва рухсатномасини кўрсатган, лекин улар барибир рухсат беришмаган.

Депутатнинг судда берган кўрсатмасига кўра, шундан кейин у уйига қайтиб келган. Бўлган ҳолатдан асабийлашиб, бетоб бўлиб қолган. Сўнгра жаҳли чиқиб, Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутатлари аъзо бўлган Telegram`даги гуруҳ орқали ички ишлар ходимларига нисбатан ҳақоратомуз сўзлар ишлатган.

М.А. гуруҳда депутатларни ИИБ ходимларининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка даъват қилгани, айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, ўша куни кучли ҳаяжонланиш ва асабийлик туфайли ушбу ҳуқуқбузарликни содир этгани, ИИБ ходимларидан узр сўрашгани, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслигини билдириб, енгиллик беришни сўраган.

30 март куни Қўқон шаҳар маъмурий суди шу кўринишдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакилларига нисбатан салбий муносабатининг олдини олиш ҳамда келгусида юз бериши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида М.А.га маъмурий қамоқ жазосини тайинлашни ва ундан маъмурий қамоқ харажатларини ундиришни лозим топган.

Суд қарори билан, ҳуқуқбузар МЖтКнинг 195-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик (ички ишлар органлари ходимининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка омма олдида ҳар қандай шаклда даъватлар қилиш, худди шунингдек ички ишлар органлари ходимларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида била туриб сохта уйдирмаларни тарқатиш)ни содир этган деб топилди ва унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Маълумот учун, 15 суткалик қамоқ – МЖтК 195-моддасининг энг оғир санкциясидир.

Ҳуқуқбузардан ҳар бир сутка учун БҲМнинг 15 фоизи (33450 сўм)дан маъмурий қамоқ харажатлари ундирилади.

Эслатиб ўтамиз, кеча Қўқонда коронавирус ҳақида миш-миш тарқатган депутатга жиноий иш қўзғатилган эди. Депутат Х.Н. Қўқонда 2 шахсда коронавирус аниқлангани ҳақидаги асоссиз янгиликни Telegram`да тарқатишда айбланмоқда.

Мавзуга оид