17:42 / 02.04.2020
15590

«Карантин тугагач, бекорга вақт йўқотмаганимиз учун қувонайлик» – талаба ҳикояси

Kun.uz карантин даврида аксарият ёшлар уйда таълим олаётганини ҳисобга олиб, янги лойиҳа бошламоқда.

#uydatalimolyapman лойиҳаси орқали мустақил равишда турли ёрдамчи воситалар – онлайн манбалар, телевизион дарслар ёрдамида билим олаётган мактаб-лицей ўқувчилари ва талабаларнинг кун тартиби билан таништириб борамиз.

Сиз ҳам ўз дарс тартибингизни ишлаб чиққан бўлсангиз, бу ҳақида бизга @uydatalimolbot манзили орқали маълумот юборишингиз (имкон бўлса, расмлар ва видеолар билан) мумкин.

Лойиҳанинг биринчи қаҳрамони – Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2-босқич талабаси Мирали Ғиёсов.

«Карантиннинг фойдали тарафлари ҳам бор...»

Мен – Мирали Ғиёсов, айни пайтда талабаман. Карантин даври менга кўп нарсани ўйлаб кўришга, режалаштиришга ёрдам беряпти.

Дунёда содир бўлаётган ҳар бир жараёнда бир ҳикмат бор ва ҳаммаси Аллоҳ иродаси билан юзага чиқади.

Айни пайтда коронавирус инфекцияси кўпчиликнинг ўқиш фаолиятини тўхтатиб қўйди. Бироқ таълим олишни чин дилдан хоҳлаганлар учун таълим муассасасига бориш ҳам шартмас.

Чунки, менимча, ОТМлар фақат йўналтирувчи вазифа бажаради.

Назаримда, карантиннинг ҳам фойдали жиҳатлари ҳам сезиляпти. У олдин қилишга вақт жиҳатдан имконсиздай туюлган ишларни бажариб олишга ёрдам бермоқда.

«Менинг кун тартибим…»

Карантинда кун тартибимни режалаштиришда, энг биринчи, қайси пайтда уйғонишимни аниқ белгилаб олганман. Ўзимга қулай соатда уйғонгач, керакли вазифаларни, уй юмушларини тугатиб оламан.

Сўнг ўз режам бўйича ишлашни бошлайман.

Бизга университетда «Жаҳон адабиёти» фани ўтилади. Қамрови жуда кенг бўлишига қарамай, бу фан фақат бир семестр – 6 ойга мўлжалланган.

Мазкур фанда биздан жуд кўп бадиий адабиётлар билан танишиб чиқиш сўралади. Ҳозир айни шу фан доирасида тавсия қилинган асарларни ўқиш билан бандман.

Янгиликларни ҳам доимий кузатиб боряпман

Ҳар куни ўзим режа қилган бетгача битта илмий ва битта бадиий китобни мутолаа қилиб бўлганимдан сўнг интернетдан ўзим қизиққан мавзуда янгиликларни ва таҳлилий мақолаларни топиб ўқийман.

Шунингдек, дарс давомида ўзим ўзлаштиришга қийналган назарий маълумотларни, фанларни такрорлайман.

Адабиётчи бўлганим учун ўқийдиган назарий маълумотларим ҳам тил ва адабиётга оид.

Аудио китоблар монтажи билан ҳам шуғулланаман

Куннинг маълум қисмини шу тарзда сарфлаганимдан сўнг университетимизнинг ташаббускор ёшлари билан бирга ташкил қилган аудио китоблар канали учун курсдошларим юборган овозли материалларни монтаж қиламан.

Компьютеримга ўрнатилган махсус дастур ҳар бир бажарилаётган буйруқни овозли тарзда менга етказади ва бемалол ишлай оламан.

Университетда «Навоий» номли махсус студияда ишлаган бўлсак, ҳозир шу тарзда аудио китоб ёзиш ишларини уйда давом эттиряпмиз.

Карантин даврида кўпчилик уйдалиги боис ҳар қанақа шаклдаги: босма, электрон ёки аудио китобларга эҳтиёж ҳар қачонгидан юқори, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, овозни қайта ишлаш дастурларини ҳам ҳозир ўрганишга вақтим бўляпти.

Карантин – севимли машғулот билан шуғулланиш учун қулай пайт

Кўпчиликнинг нимагадир иқтидори бор, лекин вақт етишмовчилиги туфайли улар билан шуғулланишга имкони бўлмаган. Карантин даври айни мана шунинг учун ҳам яхши бўлди.

Кимнингдир тўқишга, расм чизишга мойиллиги бор. Буларнинг барчасига вақт ажратиш пайти келди.

Карантин таълим тизимида янги имкониятларни кўрсатяпти

Бундан ташқари, Ўзбекистон олий таълим тизимида ҳам илк бор (адашмасам) масофавий таълим тизимини жорий этиш устида жиддий иш олиб бориляпти.

Бу тизим шу баҳона жорий этилса, мамлакатда қанчалаб ўқишга ўзи бориб кела олмайдиган имконияти чекланган ёшлар уйда туриб ҳам таълим олиш имконига эга бўлиши мумкин.

Карантин тугагач, бекорга вақт йўқотмаганимиз учун қувонайлик

Маълум муддатдан сўнг карантин кунлари ҳам ортда қолишига ишонаман. Ўша пайтда вақтимизни қанчалик яхши сарфлай олганимиз учун ўзимиздан кўнглимиз тўқ бўлсин.

Зилола Ғайбуллаева ёзиб олди

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top