Ўзбекистон | 13:22 / 03.04.2020
147716
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусдан даволашда қайси препаратдан фойдаланилаётгани маълум қилинди

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтирган беморлар организмини тозалашда хлорахин препаратидан фойдаланилмоқда ва у яхши самара бермоқда. Бу ҳақида Бош санитария инспектори Нурмат Отабековга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: Liu Dawei / Keystone Press Agency

Бугун, 3 апрель куни ўтказилган брифингда Нурмат Отабековга Кубада тайёрланган «Interferon alfa-2b» препарати вирусли касалликларда фойдали эканлиги ва нега коронавирусга қарши ундан фойдаланилмаётгани борасида савол берилди.

Бош санитария инспекторининг сўзларига кўра, ушбу препаратнинг коронавирусга қарши самара бериши исботланмаган ва буни дунёнинг кўпгина мутахассислари ҳам тасдиқлашган.

«Ўзбекистонда хлорахин препарати катта самара билан ишлатиляпти. Бу препарат вирусли касалликларни даволашда қўлланади. Шу нуқтайи назардан, мени назаримда ҳозир Ўзбекистон тиббиёти эришаётган ютуқлар ва қолаверса, 25 нафар беморнинг тузалаётгани фойдаланаётган препаратимиз самарали эканини кўрсатади», – деди Нурмат Отабеков.

Маълумот учун, «Interferon alfa-2b» антинеопластик препарат ҳисобланади. Ушбу препаратнинг бутун дунёда сурункали гепатит С, сурункали гепатит Б, ҳужайрали лейкемия, Беҳчет касаллиги, сурункали миелоген лейкемия, кўп миелома, фолликуляр лимфома, карсиноид ўсимта, мастотситоз ва малигн меланома касалликларини даволашда самараси тасдиқланган.

Аммо унинг коронавирус инфекциясини даволашдаги самараси аниқланмаган.

Мавзуга оид