Жамият | 21:18 / 07.04.2020
34214
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темир йўллари» ходимлари тақдири нима бўлади?

Темирйўл орқали республика бўйлаб йўловчи ташиш фаолияти тўхтатилгач, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ кўплаб ходимларини ўз ҳисобларидан таътилга чиқарган эди. Жамият бошқарма бошлиғи Умидилла Ибрагимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ушбу ҳолатга изоҳ берди.

«Ҳукумат қарорига биноан, карантин даврида мажбурмиз, ходимларимиз меҳнат таътилига чиқарилган ва ойлиги сақланмаган ҳолатда ўз хоҳишига биноан таътил олишган. [Қолган] ходимларимиз масофадан ишлашга ўтказилган.

Албатта, карантин тугагач, бу ходимларимиз ҳаммаси ўз жойларига қайтиб, иш фаолиятини давом эттиради. Бу – вақтинча чора», деди Умидилла Ибрагимов.

Унинг қўшимча қилишича, «Ўзбекистон темир йўллари» темир йўл соҳасида етишиб чиқаётган кадрларни иш билан таъминлашда давом этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев меҳнат қонунчилигига зид равишда ходимларини ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқараётган ташкилотларни танқид остига олганди.

«Айрим идора ва ташкилотлар ходимларини шундай вақтда қўллаб-қувватлаш ўрнига ўз ҳисобларидан мажбуран меҳнат таътилига чиқариб юбормоқда. Бундай ҳолатни биз «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ходимлари мисолида ҳам кўряпмиз. Бу – аввало ташкилотнинг ўз ходимларига нисбатан номардлиги бўлади», – деганди Расул Кушербаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид