Жаҳон | 22:25 / 09.04.2020
5736
2 дақиқада ўқилади

Дубайликлар уйда қолган ҳолда марафон ўтказишади

Дубайда 10 апрелда «Уйда марафон” спорт ташаббуси бўлиб ўтади. Унда бутун Форс кўрфазидан 749 киши иштирок этади.

Фото: emirates

Марафон Дубай спорт кенгаши, спорт кийими ишлаб чиқарувчи Asics Middle East компанияси ва 5:30 Run club спорт клуби томонидан ўтказилиб, карантин кунларида амалга оширилаётган “Формада бўл, хавфсизликда бўл” (Be Fit, Be Safe) ташаббуси ва “Уйда қолинг” кампаниясининг бир қисми ҳисобланади.

Уй марафонининг масофаси ҳам анъанавий марафонники каби 42 км 195 метрни ташкил қилади. Унда минтақанинг барча ёш ва миллатдаги вакиллари иштирок эта олишади. Айни вақтда www.530run.ae сайтида марафонда иштирок этиш учун 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган 526 эркак ва 223 аёл рўйхатдан ўтган. 

Марафон соат 8дан 18гача давом этади. Югуриш йўлакчаси ёки бошқа махсус қурилмадан фойдаланиш тақиқланади ҳамда кўчага чиқишга рухсат берилмайди, марафон уйда ўтиши керак. Иштирокчилар исталган йўналишни белгилаб олиб, у бўйлаб югуришлари мумкин бўлади.

Спортчиларни уларнинг смартфонлари ва фитнес-трекерларига ўрнатилиб, фаоллаштириладиган Strava дастури кузатиб боради. Ғолибларга турли совғалар топширилади. Улардан бири 2020 йил сентябрда ўтадиган Москва марафонига чипта ҳисобланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид