Жаҳон | 07:34 / 11.04.2020
6397
2 дақиқада ўқилади

Италияда карантин 3 майгача узайтирилди

Италияда коронавирус пандемиясини ушлаш мақсадида киритилган карантин ва чекловчи чоралар 3 майгача сақланиб қолади.

Фото: REUTERS/Ciro De Luca

Бу ҳақда Италия бош вазири Жузеппе Конте матбуот анжуманида эълон қилди.    

“Биз чекловларни 3 майгача узайтирамиз. Бу оғир қарор, бироқ у зарур. Агар ҳозир таслим бўлсак, унда барчаси бошқатдан бошланиши хавфи бор”, деб айтган Конте. 

Шу билан бирга, у карантинга ёпилган корхоналар бу муддатдан аввалроқ ишга тушиши мумкинлигини айтган. “Биз 3 майдан ишлаб чиқариш ва тижорий фаолиятни секин-аста тиклашга умид қилмоқдамиз. Агар муддатдан аввал шароит пайдо бўлса, биз ишлаб чиқариш фаолияти тикланишини кафолатлаш учун барча ишни амалга оширамиз”, деб айтган Италия бош вазири.  

Конте 14 апрелдан китоб, болалар учун товарлар дўконлари ҳамда кўкаламзорлаштириш билан шуғулланувчи команиялар ўз фаолиятини бошлаши мумкинлигини айтган.

Италияда аҳолининг ҳаракатланишига чекловлар 10 мартдан амал қилмоқда. Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар 147 мингдан ошди, ундан вафот этганлар 18849 нафарни ташкил қилмоқда.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид