Иқтисодиёт | 18:01 / 11.04.2020
23826
6 дақиқада ўқилади

Пандемиядан сўнг: Коронавирус дунё иқтисодиётини қандай ўзгартиради?

Инқирозни енгиб ўта олган компаниялар бизнеснинг янги иқлими билан юзма-юз келади.

Фото: Kevin Frayer / Getty Images

Кўпчилик йирик компания раҳбарлари ва ишчилар бундан олдин ҳам инқирозларни бошдан кечиришган. Инқирозларнинг ҳар бири ўзгача бўлиши ва ҳар сафар тадбиркорлар ҳамда фирмалар унга мослашиши уларга маълум. Шунга қарамай, ишбилармонлик оламида аҳамиятли шок ҳолати юзага келмоқда, деб ёзади The Economist.

Жаҳон ЯИМнинг 50 фоиздан ортиғини ишлаб чиқарадиган мамлакатлар карантинда эканини ҳисобга олсак, бизнесдаги бу галги кризис аввалгиларига қараганда анча жиддий. Карантиндан чиқиш ҳам осон бўлмайди: талаб барқарор эмас, ишлашга бир рухсат берилиб, яна қайта тақиқланиши мумкин.

Узоқ муддатли истиқболда инқирозни енгган фирмалар янги муҳитга мослашишига тўғри келади. Инқироз ва унга қарши кўрилаётган чоралар 3та тенденцияни тезлаштиради: янги технологияларнинг жорий этилиши, етказиб беришнинг эскирган глобал занжиридан чекиниш, олигополия (яъни кам сонли сотувчилар ҳукмрон бўлган бозор тузилмаси, унда тармоққа янги фирмаларнинг кириши юқори тўсиқлар билан чекланади).

Кўплаб йирик компаниялар ҳозирги вазиятга жавобан мардонавор иш олиб бормоқда, одатда шафқатсиз саналувчи корпоратив гигантлар ижтимоий масъулиятини англаб етишмоқда. Парфюмерия бизнесидаги Dior қўл учун LVMH дезинфекция воситаларини ишлаб чиқармоқда, General Motors эса вентиляторлар ишлаб чиқармоқчи, Alibaba асосчиси эса бутун дунёда ниқоблар тарқатмоқда, BMW тиббий ниқоб ишлаб чиқаришни бошлаш арафасида.

Чакана савдода ўзаро рақиб бўлган супермаркетлар бозордаги мувозанатни кафолатлаш учун ҳамкорлик қилмоқда.

Бизнес музлатилишидан кўрилган молиявий зарар ҳақидаги ҳисоб-китобларни маълум қилган компаниялар ҳозирча кўп эмас. Натижада Уолл-стрит таҳлилчилари 2020 йилда даромадларда бирозгина пасайиш бўлишини кутмоқда.

Буларнинг барига алданиб қолиш керак эмас. Сўнгги турғунлик йилларида АҚШдаги йирик компанияларнинг учдан икки қисми савдолар тушганидан азият чекди. Энг ёмон чоракда пасайиш 15 фоизгача етди. Жорий инқирозда эса пасайиш 50 фоиздан ортиқ бўлиши тайин.

Жаҳонда нефтга талаб деярли учдан бир қисмга пасайди. Америка темир йўллари орқали юборилган автомобиль ва эҳтиёт қисмлар 70 фоизга тушиб кетди. Кўплаб фирмалар 3-6 ой мобайнидагина жон сақлаш учун захира ва маблағга эга. Натижада улар ишчиларни ишдан бўшата бошлади. АҚШнинг 16,8 млн аҳолиси ишсиз қолди. Европада эса давлат субсидиялари учун даъвогар фирмалар сони бир миллионга етиши мумкин.

Сўнгги икки инқироз мобайнида кредит рейтингига эга компанияларнинг ўндан бир қисми бутун дунё бўйлаб дефолт эълон қилди. Ҳозирда компанияларнинг инқирозни енгиши уларнинг тармоғи, баланси, давлат томонидан бериладиган қарз, кафолат ва ёрдамни қанчалик осонлик билан олишига боғлиқ.

Ҳозирда кичик фирмалар ҳаммадан кўп азият чекяпти: Америкада уларнинг ярмидан кўпи вақтинчалик ёпиқ. Уларда капитал бозорига кириш имконияти ҳам йўқ. Ҳозирча АҚШда кичик фирмалар учун ажратилган 350 млрд долларнинг бор-йўғи 1,5 фоизи тўлаб берилди. Британиянинг ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлари ҳам суст кечмоқда.

Карантин чоралари юмшатилиб, касалликни даволаш ёки олдини олишда силжиш кузатила бошлагач, янги оралиқ давр бошланади. Нафақат молиявий қудрат, балки кашфиётчилик ҳам фирмаларга тўлиқ суръатда ишлашда асосий афзаллик манбайига айланади.

Заводларда линиялар жисмоний масофаланиш, масофадан мониторинг қилиш ва тозалаш ишлари учун қайта кўриб чиқилади. Истеъмолчилар билан ишлайдиган фирмалар мижозларни хотиржам қилиши керак: дастурга қўшиб №95 ниқоблар тарқатаётган компаниялар, синов режимида ишлашни бошлаган ресторанларнинг рекламаларини бир тасаввур қилиб кўринг.

Дунёдаги 2 мингта энг йирик компанияларнинг чорак қисмидан кўпроғининг маблағи қарзидан кўпроқ. Улардан айримлари ўз рақобатчиларини сотиб олиб, бозордаги улушини мустаҳкамлайди.

Ташкилотлар раҳбариятидаги кенгашлардан эндиликда нафақат жорий фаолият, балки узоқ муддатли истиқболларни баҳолаш ҳам талаб этилади.

Инқироз учта тенденцияни кучайтириши лозим. Биринчидан, янги технологияларнинг янада тезроқ жорий этилиши. Ер сайёраси электрон тижорат, рақамли тўловлар ва масофадан ишлаш соҳасида тезкор курсни бошдан кечирмоқда. Тиббиёт соҳасидаги инновациялар, жумладан ирсиятни таҳрирлаш технологиялари айниқса эътиборни жалб этади.

Иккинчидан, етказиб беришнинг глобал занжирлари қайта кўриб чиқилади. Бу эса савдо урушлари бошлаб берган тенденцияни яна кучайтиради.

Учинчидан, компаниялар хавсизлик ёстиқларга катта аҳамият қарата бошлайди. Юқори даражада автоматлашган заводларга эътибор кучаяди. Жорий йилда трансчегаравий инвестициялар 30-40 фоизга тушиб кетиши мумкин. Глобал фирмаларнинг тушуми камаяди, бироқ уларнинг ўзгаришларга бардошлилиги ортади.

Кризис ҳозирги мавжуд стазисни кучайтириши мумкин

Стазис деганда барча кучлар тенг ва қарама-қарши, яъни бир-бирини тўлдириб турувчи барқарорлик ҳолати тушунилади.

Сўнгги йилларда кузатилаётган бир тенденция – корпоратив бирлашувнинг ўсиши, ҳукуматларнинг хусусий секторга маблағ йўналтириши ва гигант компанияларнинг доминант роли кучайиб боришини ижобий ҳолат деб бўлмайди.

1990 йиллардан кейинги даврда Америка саноати тармоқларининг учдан икки қисми анчагина бирлашишга улгурди. Бу – иқтисодиётнинг яшовчанлигига зарар келтиради. Эндиликда айрим компания раҳбарлари сиёсатчилар ва йирик корхоналар билан ҳамкорликнинг янги даврини эълон қилишмоқда.

Сайловчилар, истеъмолчилар ва инвесторлар бу ғояга қарши курашишлари керак. Чунки бу – коррупциянинг урчиши, рақобатнинг камайиши ва иқтисодий ўсиш суръатининг секинлашишини англатади.

Барча инқирозлар каби COVID-19 кризиси ҳам ўтади. Вақт ўтиши билан ишбилармонлик энергиясининг янги тўлқини юзага келади. Мана шу янги тўлқин – доимий равишда катта таъсирга эга, таниш-билишлари кўп фирмаларнинг янги олигархияси томонидан бўғиб қўйилмаслиги керак.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид