Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўғитлар инқирози, логистика ва протекционизм: озиқ-овқат нархлари нега ошиб боряпти?
Нефт ва газ бозоридаги беқарорлик нафақат ёнилғи нархлари, балки глобал озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатяпти. Ҳўрмуз бўғозидаги инқироз туфайли ўғитлар ишлаб чиқариш ва етказиб беришдаги узилишлар қишлоқ хўжалиги харажатларини кескин ошириб юборди. Бу эса глобал миқёсда озиқ-овқат нархларининг қимматлашиши ва келгуси ҳосил ҳажмларининг қисқариши ҳақидаги хавотирларни кучайтиряпти.
Сунъий интеллект яратган сурат
Биринчидан, глобал миқёсда ўғитлар танқислиги кузатиляпти. Азотли ўғитлар аммиакдан тайёрланади, уни ишлаб чиқариш учун асосий хомашё эса табиий газдир. Табиий газ азотли ўғитлар таннархининг 70 фоиздан 80 фоизгача қисмини ташкил қилади. Қатардан газ етказиб беришдаги узилишлар туфайли нарх кескин ошиб кетди. Бу эса Европа ва Осиёдаги ўғит ишлаб чиқарувчи заводларда ишлаб чиқаришнинг қисқаришига ёки тўхташига сабаб бўлди.
Бундан ташқари, фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш учун ҳам аммиак ва улкан ҳажмдаги олтингугурт керак. Парадокс шундаки, Яқин Шарқ мамлакатлари дунёдаги энг йирик олтингугурт экспортчилари ҳамдир. Ушбу ўта муҳим кимёвий моддаларнинг катта қисми, хусусан, олтингугурт савдосининг деярли ярми айнан Ҳўрмуз бўғози орқали етказиб берилган. Инқироз бошлангач, Қатар портларида минглаб тонна ўғитлар қамалга тушиб қолди. Шу сабабли фермерлар 2026 йилда буғдой майдонларини қисқартириб, ўғит талаб қилмайдиган арзонроқ экинларга ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар кучайди. Умуман олганда, Жаҳон банки 2026 йил якунлари бўйича ўғитлар нархи 30 фоиздан зиёдроқ ошишини прогноз қиляпти.
Иккинчидан, логистика харажатлари қимматлашиб кетди. Ҳўрмуз бўғози нефтга бой Форс кўрфазини Уммон кўрфази ва Араб денгизи билан боғловчи асосий сув йўлидир. Унинг стратегик аҳамияти бебаҳо: ҳар куни бўғоз орқали 20 миллион баррелдан ортиқ нефт ўтади, бу жаҳон бўйлаб денгиз орқали савдо қилинадиган нефтнинг қарийб 25 фоизига тенг. Шунингдек, глобал суюлтирилган табиий газнинг бешдан бир қисми ҳам Ҳўрмуз орқали ташилган. Бўғознинг ёпилиши кемаларни узоқроқ йўналишлар бўйлаб айланиб ўтишга мажбур қиляпти. Бу нафақат ёқилғи сарфини оширди, балки уруш ҳудуди бўлганлиги сабабли денгиз транспорти суғуртаси нархларини ҳам кескин қимматлаштириб юборди.
Учинчидан, протекционизм кучайяпти. Дунёдаги энг йирик ўғит ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Хитой қатъий экспорт квоталарини жорий қилди. Табиий газ тақчиллигига юз тутаётган Миср эса газни кимё заводларидан электр станцияларига мажбуран йўналтиряпти ва азотли ўғитлар экспортини қисқартиришни режалаштирган. Ҳиндистон ва Покистон каби йирик қишлоқ хўжалиги давлатлари субсидиялаш механизмларидан фойдаланяпти. Бу эса глобал талабни рағбатлантириб, нархларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин. Натижада субсидия тўлаш учун бюджети бўлмаган Африка ва Лотин Америкасининг камбағал давлатлари бозордан ўта қиммат нархларда ўғитлар сотиб олишда муаммога дуч келади.
Озиқ-овқат нархлари ошиши
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Ҳўрмуз бўғозининг 6–12 ой давомида блокада қилиниши сабабли дунё озиқ-овқат инқирозига юз тутиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш билан чиқди. Озиқ-овқат маҳсулотлари уч ойдан бери қимматлаяпти. Нарх динамикасига об-ҳаво хатарлари, энергия қимматлашуви ва логистикадаги узилишлар кучли таъсир кўрсатяпти. Буғдой баҳоси ошган. Бунга ўғитлар нархининг қимматлашиши ҳамда АҚШнинг айрим ҳудудларидаги қурғоқчилик хавфи ва Австралияда ёғингарчилик меъёрдан паст бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабаб бўляпти. Гўшт нархлари ойлик ҳисобда 1,2 фоизга, йиллик ҳисобда эса 6,4 фоизга ўсди ва янги рекорд кўрсаткични қайд этди.
Нефт нархларининг қимматлашиши ўсимлик ёғидан олинадиган биоёқилғига бўлган талабни ошириб юборди. Натижада озиқ-овқат саноати ва кундалик истеъмол учун мўлжалланган ўсимлик ёғи нархлари глобал миқёсда кўтарилиб боряпти. Жумладан, апрел ойида ўсимлик мойлари нархи индекси 5,9 фоизга ошиб, 2022 йил июлидан бери энг юқори даражага етди.
Ҳозирда энг катта таҳдид ўғит етишмовчилиги сабабли кейинги мавсумларда олинадиган ҳосилнинг камайишидир. Агар бу тенденция давом этса, озиқ-овқат тақчиллиги ва қимматлашуви қисқа муддатли инқирозда узоқ йиллик муаммога айланиши мумкин.
Мавзуга оид
09:01 / 25.05.2026
Испанияда уй-жой инқирози: ижарачилар кўчаларга чиқди
20:32 / 12.05.2026
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида ягона марказлашган тизим яратилади
18:38 / 12.05.2026
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси тузилди. Унга Азизбек Урунов раис бўлди
07:47 / 15.04.2026