Жаҳон | 00:36 / 11.04.2020
11510
4 дақиқада ўқилади

Собянин Москвада рухсатнома билан юриш режими жорий этилишини эълон қилди

Москва мэри Сергей Собянин москваликларга мурожаат билан чиқди ва коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият янги чоралар кўрилишини талаб қилаётганини билдирди.

Фото: Владимир Гердо / ТАСС

Шу пайтга қадар Москвада умумий ўзини-ўзи изоляция қилиш режими амал қилаётганди. Рухсатнома билан юриш режими келгуси ҳафтадан жорий этилади. 

"Оғир беморлар сони тез ўисб бормоқда"

Собянин мурожаатида коронавирусга қарши курашнинг дастлабки босқичида ҳукуматнинг вазифаси "иқтисодиётни сақлаб қолиш" бўлгани, шунинг учун қўшимча чекловлар киритилмаганини айтди.

"Сўнгги вақтга қадар буни амалга ошира олдик", - деди у.

Собяниннинг сўзларига кўра, касаллик юқтириш ҳолатлари дастлаб "ўсган, аммо жадал суръатларда эмас". Сўнгги кунларда эса вазият ёмонлаша бошлаган.

"Зотилжам билан касалланган оғир беморлар сони тезлик билан ўсмоқда. Агар аввал касалхонага кунига 500га яқин киши тушган бўлса, бугун 1300га етди. Аксарият беморлар "коронавирус" ташхиси қўйилмасдан туриб касалхонага тушяпти. Аммо шифокорлар бунинг катта эҳтимол билан коронавирус эканлигини кўриб туришибди. Касалликнинг бундай тарзда ўсиши бизга ҳеч қандай яхшилик келтирмайди", - деди Собянин.

Москва мэри шу сабабли шаҳарда рухсатнома билан юриш режимини жорий этишга қарор қилганини айтди.

"Келгуси ҳафтадан рухсатнома билан юриш режимини босқичма-босқич жорий этамиз. Биринчи босқичда ишга бориш учун, иккинчи босқичда бошқа мақсадларда юриш учун ва учинчи босқичда, агар зарур бўлса, район ичида юриш учун киритамиз", - деди у.

Собяниннинг сўзларига кўра, касаллик тарқалиши хавфи чекиниши билан Москва одатий ҳаёт тарзига қайтади.

Москва области губернатори Андрей Воробьев ҳам областда рухсатнома билан юриш режими жорий этилишини эълон қилди.

Нимани кутишганди?

Мэрияга яқин манбалардан бири Би-би-си билан суҳбатда бу "москваликлар шаҳарда мақсадсиз юрмасликлари учун" кўрилаётган мажбурий чора эканлигини айтди.

"Рухсатномали тизим пандемияга дуч келган кўплаб мамлакатларда амал қилмоқда, бу Ғарб тажрибаси ва бугунги кун воқелиги. Мэрия рухсатномали тизимни бирданига киритмади, аммо москваликлар кўчаларга чиқишди, шаҳарда ҳатто тирбандликлар пайдо бўлди. Мэрия одамлар дам олиш кунлари яна паркларга боришидан ва касаллик юқтирганлар сони кескин ошишидан хавотирланмоқда. Рухсатномали тизимнинг жорий этилиши одамларни кўчага мақсад билан чиқиш ҳақида ўйлашга мажбур қилади", деди у.

9 апрель куни полиция Сергей Собяниннинг фармойиши шартларини бузган москваликларга нисбатан юзлаб баённомалар тузгани маълум бўлди. "Яндекс" статистикаси Москвада "ўзини ўзи изоляция қилиш индекси" сезиларли даражада пасайганини кўрсатди.

29 март куни Москва ҳукумати коронавирусга қарши кураш доирасида шаҳарда мажбурий ўзини ўзи изоляция қилиш режими жорий этилишини эълон қилганди. Мэр Собяниннинг фармойишига кўра, уйни фақатгина тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш, ишга бориши шарт бўлганда ва яқин атрофдаги озиқ-овқат дўкони ёки дорихонага харид учунгина тарк этиш мумкин. Шунингдек, чиқинди ташлагани чиқиш ҳамда уйидан 100 метрдан узоқ бўлмаган масофада кучуги билан сайр қилишга рухсат этилган.

Сўнгги суткаларда Москвада коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 1 124 та ҳолат қайд этилган, 12 киши вафот этган. Шу кунгача Москвада жами 7 822 киши коронавирус юқтирган, 50 киши вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид