18:22 / 12.04.2020
46129

Бухоро ва Хоразмда даволанган 5 нафар бемор Covid-19’дан бутунлай соғайди

Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 5 нафарга ошиб, жами 66 кишига етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

12 апрель куни Бухорода даволанган 4 нафар, Хоразмда даволанган 1 нафар бемор тўлиқ соғайиб, реабилитацияга ўтказилди.

Вазирлик хабарига кўра, Бухорода даволаниб тузалган беморларнинг икки нафари (бири Андижондан, яна бири эса Тошкент вилоятидан) Туркиядан Бухорога келган бўлиб, жорий йил 26 март куни коронавирус инфекцияси аниқланган. Фарғоналик икки нафар фуқаро эса чартер рейс орқали Россиядан Бухорога келгач, уларда ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган эди.

Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонаси
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Хоразмда соғайган бир бемор эса 32 ёшли сурхондарёлик бўлиб, у Россиядан чартер рейсда Урганчга келгач, 25 март куни унда коронавирус инфекцияси аниқланган ва вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Бугун, шунингдек, Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанган 19 бемор соғайиб, реабилитацияга ўтказилди. Икки кун олдин Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасида ҳам коронавирусга чалинган 4 нафар беморнинг бутунлай соғайишига эришилган эди.

Айни пайтда Ўзбекистонда 763 киши коронавирусдан даволанмоқда. Жами 66 киши тўлиқ тузалиб, реабилитацияга ўтказилган; қурбонлар – 4 нафар.

12 апрель куни 66та янги ҳолат аниқланиб, жами зарарланиш ҳолатлари 833тага етди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top