Ўзбекистон | 16:16 / 14.04.2020
4923
2 дақиқада ўқилади

Чекка ҳудудларда универсал кассалар ташкил этилади – МБ

Ўзбекистонда банк инфратузилмаси етарли бўлмаган чекка ҳудудларда яшайдиган, нақд пулдан фойдаланишга эҳтиёжи бор аҳоли учун универсал кассалар ташкил қилинади.

Бу ҳақда Марказий банкнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори ўринбосари Акмал Назаров маълум қилди.

«Марказий банк томонидан банк инфратузилмаси етарли бўлмаган чекка ҳудудларда яшовчи ва нақд пулдан фойдаланишга эҳтиёжи бўлган аҳолига хизмат кўрсатадиган универсал кассалар ташкил этиш ва аҳоли томонидан мурожаат бўлганда яшаш манзилларига бориб банк хизматларини кўрсатиш бўйича барча банкларга тегишли кўрсатмалар берилди», – деди Акмал Назаров 14 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда.

Маълум қилинишича, универсал кассалар аҳолига пул ўтказмалари, хорижий валютани сотиб олиш ёки сотиш бўйича хизматларни тақдим этишга мўлжалланган.

Шунингдек, мижозлар билан олдиндан келишилган ҳолда тегишли сўровларга биноан, вақти-вақти билан маълум жойларга чиққан ҳолда бошқа чакана банк хизматлари ҳам кўрсатилади.

«Бу амалиётларни бажаришда санитария талабларига қатъий риоя қилиш, жойларга борадиган барча ходимларни зарур воситалар: махсус ҳимоя кийимлари, ниқоблар, қўлқоплар ва антисептик воситалар билан таъминлаш ва банк хизмати кўрсатиб бўлингандан кейин ҳам ходимларни дезинфекция қилиш назоратга олинган», – деди Акмал Назаров.

Марказий банк вакилига кўра, республика бўйича нақд хорижий валютани сўмга айирбошлашга ихтисослашган автоматлаштирилган 700 та банкомат мавжуд ва уларнинг сонини мингга етказиш режалаштирилган.

Акмал Назаров асосий банк амалиётлари: хорижий валютани сотиб олиш ёки сотиш, пул ўтказмаларини амалга ошириш, депозит операциялари, коммунал хизматлар ёки солиқ тўловларини амалга оширишни масофадан туриб мобиль банк иловалари орқали бажариш имкони ҳам борлигини эслатиб ўтди.

«Шунинг учун фуқароларга банк офисларига бормасдан қайси банкнинг мижози бўлсалар, ўша банкнинг мобиль иловаси билан диққат билан танишиб чиқишни тавсия этамиз», – деди у.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид