08:17 / 16.04.2020
42875

Карантин даврида ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий асослари

Табиий офатлар – инсоният ҳаётига доимий раҳна солиб турадиган воқелик, шунинг учун давлатлар бу каби фавқулодда ҳолатларга тайёр туришга ҳаракат қилади. Юқумли касалликлар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам шулар жумласидан.

Дилсора Комил

Табиий офатлар хавфи инсоният ҳаётига соя солиб турадиган воқеликдир ва дунё давлатлари шундай фавқулодда ҳолатларга тайёр бўлишга ҳаракат қиладилар. Юқумли касалликлар ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолатлар шулар жумласидандир.

Карантин – инфекция тарқалишини чеклаш учун энг самарали чоралардан бири деб топилган, аммо унинг самарадорлиги жамоат ҳамкорлигига ва мувофиқликка боғлиқ. Карантин давлат раҳбарлари,  юқумли касалликлар мутахассислари, иқтисодчилар ва жамиятда тартибни таъминловчи органлар раҳбарлари билан маслаҳатли равишда жорий қиладиган тартибдир.

Шу ўринда бир неча қонун ва сиёсат таҳлилига оид саволлар пайдо бўлади: Давлат раҳбарларининг ёппасига карантин тартиби жорий қилишга ҳуқуқлари борми? Давлат карантин тартибини бузганларни жиноий жавобгарликка тортиши мумкинми? Карантин вақтида давлатнинг ўз фуқароларига нисбатан қандай масулият ва бурчлари бор? Катантин вақтида давлат ўз фуқароларига тиббий ва иқтисодий ёрдам қилишга мажбурми?

Давлат раҳбарлари фавқулодда ҳолатларда жамоат манфаатини кўзлаган ҳолда зарурий ўлчамларни жорий қилишга, ҳатто одамлардан уйларидан чиқмасликни талаб қилишга ва қонунни бузганларни жиноий жавобгарликка тортишга ҳақлидирлар. Фавқулодда ҳолат давлат қонунларини маълум муддатда бекор қилиш кучига эга бўлган сиёсий вазиятдир. Буни оддийгина давлат ҳокимиятининг шахсга нисбатан қонунийлигини шарҳлаб берадиган «ижтимоий шартнома» назарияси билан тушунтириб кетиш мумкин.

Ҳокимият ва одамлар ўртасидаги сиёсий фалсафа Томас Ҳобб,  Жон Локк, Жан-Жак Руссо, Девид Гот каби сиёсий файласуфлар асарларидан бошлаб бизнинг давргача юксалиб келди. Бу асарларнинг негизида турган сиёсий фалсафа шуки, одамлар хавфсизликлари, жамиятда тартиб ўрнатиш ва бир қатор хизматлар жорий қилиш эвазига ўзларининг баъзи эркинликларини давлат ҳокимиятига таслим қиладилар. Демак, давлат ҳокимияти жамоат манфаатини ўйлаган ҳолда карантин қилишга ҳақли ва шу давлат ҳудудида бўлган ҳар қандай инсон унга амал қилиши шарт.

Карантин жорий қилишда давлат ҳокимияти одамлар ишсиз қолишини,  кўпчилик катта-кичик бизнеслар карантин пайтида даромадни йўқотишини ва карантиндан кейин катта доиралардаги иқтисодий инқироз сабабли банкротга юз тутиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда қарорлар қабул қилиши шарт. Шу билан бирга, давлат раҳбарлари карантин вақтида аҳолини тиббий ва иқтисодий қўллаб қувватлаш чораларини кўриб чиқади.

Давлатлар қонунларида, карантин даврида аҳолини асосий эҳтиёжларини қондирилиши керак, деган жумлани топиш жуда қийин. Аммо коронавирус пандемияси, давлат қонунларида керакли ўзгартиришлар киритиш лозимлигини муҳим қилиб қуйиши мумкин. Давлатларнинг яшаб қолиши ва иқтисодий қайта жонланиш аҳоли карантин ҳимоясида қандай иқтисодий аҳволда чиқишига кўп томонлама боғлиқ.

Карантин даврида халқнинг иқтисодий эҳтиёжларини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим қисмидир. Масалан, Канада ҳукумати канадаликларга ёрдам бериш учун Covid-19 Иқтисодий Жавоб Режасини эълон қилди. Бу қарорга асосан, 27 миллиард долларлик иқтисодий кўмак карантин вақтида ишлаш имконияти бўлмаган шахслар ва кичик бизнесларга тўғридан тўғри тўланади.

Францияда Covid-19 билан боғлиқ  вужудга келган вазиятни юмшатиш учун шахсларга ва корхоналарга ёрдам қарзлари учун 300 миллиард евро миқдорида маблағ ажратилди. Сингапурда 21 ёшдан катта ҳар бир фуқарога 600 сингапур доллари ($417) миқдорида маблағ берилмоқда.  Японияда даромади кескин камайган фуқароларга 300 минг иен (2750 доллар)дан бериладиган бўлди. АҚШда эса катта ёшли фуқароларига 1200 доллардан, болаларга 500 доллардан ажратилмоқда.

Давлат қонунида карантин даврида халққа ёрдам бериш киритилмаган бўлса, давлатнинг одамларга ёрдам бериши шарт эмас, деб тушуниш хато. Давлат саломатлик билан боғлиқ ҳолат туфайли ишлай олмайдиган шахсларга ногиронлик пенсиялари ва маълум бир ёшга етган аҳолига қариялик пенсиялари жорий қилиши ҳаммага маълум. Карантиндаги одамларни ногирон ёки пенсия ёшидаги, меҳнат имконияти чекланган одамлар билан бир қаторга киритиш имконсиз эмас.  Шу ўлчамлар борлини ҳисобга олган ҳолда аҳолининг ишга яроқли қисмига, ишга яроқсиз қатламларига тўланадиган миқдорда иқтисодий қўллаб қувватлаш жорий қилиш мантиқан тўғридир.

Ёки меҳнат қонунларига эътибор берилганда ҳам, мажбуран ишдан бўшатилган ишчиларга белгиланган муддатда меҳнат қонунларига асосан ойлик киримларининг маълум бир қисмини, маълум бир муддатда талаб қилишга ҳақлилар. Ўзбекистонда меҳнат қонунларига асосланиб ёрдам жорий этиш жуда қийин. Чунки аҳолининг катта қисми давлат қонунларидан имтиёз оладиган расмий секторда ишламайди. Демак, карантин туфайли ишсиз қолган ҳар бир фуқаро давлат қарамоғида бўлишга ҳақли! Аммо бу таъминот тарқатилаётан озиқ овқатлар кўринишида эмас,  айнан нақд пул ёрдами шаклида бўлиши лозим ва озиқ овқат таъминоти қўшимча ёрдам сифатида тарқатилиши мумкин.

Covid-19 дунёнинг кўп давлатлари учун оғир иқтисодий вазиятни келтириб чиқаргани маълум ва яқин келажакда бу ҳолат янада кескинлашиши эҳтимоли бор. Давлат раҳбарлари иқтисодий ёрдам аҳолини бошқаришнинг, ишончини қозонишнинг, ижтимоий паниканинг олдини олишнинг ва энг асосийси жиноят кескин ўсишига қарши курашнинг энг эффектив усули эканлигини тушунишлари жуда муҳим.

Қолаверса, бугун аҳоли таминоти учун сарфланган маблағ эртага иқтисоднинг қайта тикланиши ва тезроқ оёққа туришида жуда муҳим фактордир.

Ўзбекистонга Covid-19нинг кечроқ кириб келиши Ўзбекистон ҳукумати учун керакли чора-тадбирларни вақтида кўришга имкон яратди. Таъкидлаб ўтишим лозимки, Ўзбекистондаги ҳаракатлар, жуда кўп ривожланган давлатга ўрнак бўла оларли даражада тезкорлик ва қатъийлик билан олиб борилди. Бу, албатта, Ўзбекистон президенти ва масъул шахсларнинг фавқулодда ҳолатларга тезкор жавоб реакцияси борлигидан далолатдир.

Шунга қарамай, аҳолига берилаётган ёрдам масаласида ўрнатилган тартиблар талабга жавоб бермайди. Бугун Ўзбекистон ўз фуқароларининг кундалик эҳтиёжларини қоплаш учун иқтисодий таъминот масаласини қонун доирасида қайта кўриб чиқиши керак. Таъминот шакли ва усули қатъий соддалаштирилиши лозим. Ўзбекистоннинг барча турдаги бойликлари ва бошқа мақсадларга мўлжалланган маблағлари бугун халқ эҳтиёжи учун сарфланиши зарур.

Пандемия даври сиёсатини уруш даври сиёсати билан таққослаш мумкин. Дунё аҳолиси бу кўзга кўринмас душманга қарши ҳимояланмаган ва шу сабабли уйларида яшириниб жон сақлашга мажбурлар. Вирусга қарши вакциналар жорий қилинганига қадар давлат одамларни тиббий ва иқтисодий ҳимоя қилиши шарт. Карантин даврида аҳолинининг ишловчи қатламини ишсизлик маошлари билан таъминланиш Ўзбекистон ҳукумати олдидаги ўта муҳим вазифадир. 

Дилсора Комил
PhD номзоди, Британия Колумбияси университети (Канада)

Top