Ўзбекистон | 16:45 / 18.04.2020
5833
2 дақиқада ўқилади

ДСҚ: электрон ишончнома қоғоздаги билан тенг қонуний кучга эга

“Тижорий ҳамкорларимиз харидорга пул ўтказиш йўли билан маҳсулот сотилса, маҳсулотни олиш учун фақат қоғоз кўринишидаги ишончнома билан келиш керак дейишяпти. Қоида бўйича харидор ўз истагига кўра электрон ёки қоғоз шаклдаги ишончнома билан ишлаши мумкин эмасми?”

18 апрел куни Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Музаффар Назаров иштирокида ўтказилган брифингда шу саволга жавоб берилди.

Қўмита вакилига кўра, ҳисобварақ-фактуралар учун ишончномаларнинг электрон ва қоғоз шакли бир хил юридик кучга эга. Электрон ишончноманинг қонунийлиги бўйича шубҳага ўрин йўқ.

“Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан республика ҳудудида барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизими жорий этилган. Жорий йил 1 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 47-моддасига мувофиқ, ҳисобварақ-фактура, қоида тариқасида, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг (ЭҲФ) ахборот тизимида электрон шаклда расмийлаштирилиши белгиланган.

Айрим хўжалик юритувчи субъектларда электрон тарзда юборилган ишончноманинг қонунийлиги борасида турли тушунмовчилик  ва хавотир билдиришмоқда. “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги ва “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги қонунларда электрон рақамли имзо билан қўлда ўзи қўйган имзонинг бир хил аҳамиятга эгалиги ва у билан бир хил юридик кучга эгалиги белгилаб қўйилган. ЭҲФ каби электрон ишончномалар ҳам синовдан ўтказилган ва тўлақонли ҳуқуқий асосга эга бўлиб, уларнинг қонунийлиги борасидаги хавотирлар мутлақо ўринсиз”, дея Музаффар Назаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид