02:03 / 19.04.2020
11691

Туркия май ойи охирида сайёҳлик мавсумини бошламоқчи

Туркия май ойи охирида сайёҳлик мавсумини бошлаши мумкин. Бу ҳақда мамлакат маданият ва сайёҳлик вазири Меҳмет Нури Эрсой Туркия телеканали эфирида айтган. Унинг тахминича, мамлакатда апрель ойининг охирида коронавирус чекина бошлайди ва май ойи охирига келиб туризм мавсумини очиш мумкин.

Фото: Reuters

«Жамиятда тартиб интизом мана шу тарзда ушлаб турилса, май ойининг охирига бориб ички туризм билан мавсум бошланиши мумкин», деб Меҳмет Нури Эрсойнинг сўзларини келтирмоқда Туркия туризм вазирлиги расмий твиттери.

Вазирнинг тахминича, туризм мавсуми очилиши билан Туркияга биринчилардан бўлиб коронавирус йўқолган Осиё мамлакатларидан сайёҳлар ташриф буюра бошлайди. Олдинроқ Туркия дунё сайёҳлари учун ўз эшикларини камида августда очиши мумкинлиги айтилганди. Айни дамда туризм вазирлиги аввало ички туризмни тиклаш ҳақида ўйламоқда.

Дунёнинг кўплаб турфирмалари Туркияга саёҳат учун ўтган йил декабрдаёқ сотиб олинган турларни баҳор-ёз тизимида тиклаш бўйича таклиф берган, бироқ бу борада аниқ жавоб берилмаган. Туркия авиақатновларни июнь ойидан аввал тикламоқчи эмас. Таъкидлаш керак, айнан баҳор-ёз оралиғи Туркияда сайёҳлик мавсуми учун энг тирбанд давр ҳисобланади.

Туркия иқтисодиётининг жуда катта қисми айнан сайёҳлик ҳисобидан тўлдирилади. Мамлакатга йилига 41-45 миллион атрофида хорижий сайёҳ ташриф буюриб, улар Туркия ғазнасига ҳар йили ўртача 29-34 миллиард доллар фойда келтиради. ЯИМ бўйича дунёда 16-ўринда турадиган (774 миллиард доллар) Туркия сайёҳлар ташрифи бўйича дунёда 6-ўринда. Туркиядаги «Истанбул» халқаро аэропорти дунёдаги энг йирикларидан бўлиб йилига 200 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат қилади.

Ҳозиргача Туркияда коронавирус юқтирганлар сони 82 мингдан ошиб кетди. Касаллик 1 900 га яқин туркияликнинг ўлимига сабаб бўлган. Туркия касалланганлар сони бўйича Эронни ортда қолдирди ва яқин кунларда Хитойдан ҳам ўтиб кетиб фуқаролари коронавирус билан касалланган давлатлар орасида 7-ўринга кўтарилиши мумкин.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top