Жаҳон | 23:26 / 20.04.2020
12383
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ бош директори Трампнинг танқидига жавоб берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши кураш борасида АҚШдан ва бошқа давлатлардан ҳеч нарса яширмаяпти, АҚШнинг касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) мутахассислари ЖССТ билан пандемиянинг илк кунларидан ишлашни бошлаган.

Тедрос Аданом Гебрейесус Фото: AFP

Бу ҳақда ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус матбуот анжуманида айтиб ўтди. 

“CDC’дан кўплаб мутахассислар бизни қўллаб-қувватлашган, айниқса пандемия бошлангандан кейин. ЖССТнинг CDC билан ҳамкорлиги узоқ тарихга эга ва у пандемиядан бошланмаган. Бир томондан, марказлар ходимларининг борлиги ёрдам беради. Иккинчи томондан, CDC’дан ҳеч нарса яширилмаган. Биринчи кундан бошлаб. Чунки америкаликлар биз билан ишлаган ва ЖССТ очиқ-ойдин бўлган, биз ҳеч нарса яширмаймиз. Биз барча давлатлар хабарларни дарҳол олишларини истаймиз. Чунки бу давлатларга тайёрланишга ёрдам беради”, деб айтган ЖССТ раҳбари.    

Гебрейесуснинг таъкидлашича, ташкилотда сирлар йўқ, чунки барча масалалар соғлиқни сақлаш билан боғланган ва ҳаётларни сақлаб қолишга тааллуқли. “Биз ЖССТда ахборот олганимизда, қанча одам касаллангани, қанча одам ўлгани ҳақидаги рақамларни оламиз. Биз уларда шунчаки рақамларни эмас, балки муайян шахсни кўрамиз. Шу сабабли сирлар йўқ. Ахборот пайдо бўлиши биланоқ у билан бўлишамиз”, деб қўшимча қилган Гебрейесус.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ЖССТни пандемияга қарши курашда сусткашликда айблаб, ташкилотнинг Вашингтон томонидан молиялаштирилиши тўхтатилишини маълум қилган. Трампнинг таъкидлашича, ЖССТ коронавирус ҳақида маълуотларни ўз вақтида тақдим қилмаган ва барча ҳақиқатни жаҳон ҳамжамиятига етказмаган.

Мавзуга оид