Ўзбекистон | 08:33 / 20.04.2020
6582
2 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳри ва Хоразм вилоятида канализация тизими яхшиланади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида канализация тизимини реконструкция қилиш ва қуриш лойиҳаси амалга оширилади

Ҳужжатлар Қарши (Қашқадарё вилояти), Урганч, Хива, Питнак шаҳарлари ва Гурлан шаҳарчаси (Хоразм вилояти) аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларининг канализация хизматлари билан таъминланганлик даражасини оширишга қаратилган. Қабул қилинган ҳужжатнинг яна бир мақсади Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.  
 
Norma’нинг ёзишича, 2020–2023 йилларда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг умумий қиймати: Қарши шаҳрида – 114,5 млн АҚШ доллари, Хоразм вилоятида – 76,04 млн АҚШ доллари. Улардан тегишинча 90 ва 60 млн АҚШ доллари – 4 йиллик имтиёзли давр билан 15 йил муддатга берилган ЕТТБ қарзлари.
 
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги «Коммунхизмат» агентлиги лойиҳаларни амалга ошириш ва ЕТТБ қарзларидан мақсадли фойдаланиш учун масъул ҳисобланади.  
 
Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликларига канализация тармоқлари ва иншоотлари қуриш учун ер участкаларини ажратиш ҳамда заруратга кўра компенсация тўловларини тўлаш топширилди. 

Ҳужжат 15.04.2020 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид