Эронда карантин чекловларининг аксарияти бекор қилинди
Эрон Ислом Республикасида коронавирус эпидемияси туфайли жорий этилган чекловларнинг аксарияти 20 апрель куни ўз кучини йўқотди. Чекловларни бекор қилиш 11 апрелдан бошланган эди ва бир неча босқичда амалга оширилди.
Эпидемия устидан ҳали тўлиқ ғалаба қозонилмаган, бироқ у секин-аста чекинмоқда. Карантин ўрнига ижтимоий масофаланишнинг янги қоидалари жорий этилади, деб ёзмоқда ТАСС.
Эрон пойтахти Теҳрон кўчалари пиёдалар ва машиналар билан тўлган. Икки ҳафта аввалгига нисбатан кўчада одамлар бир неча баробар кўп, лекин одатий Теҳрон тикланишигача ҳали анча бор. Кўплар шаҳар бўйлаб сайр қилиб юришибди, ўриндиқларда дам олишмоқда
Чекловларни пайдар-пай олиб ташлашни бошлаш учун ҳукумат касбий фаолиятни уч турга бўлди: коронавирус тарқалиши таҳдидига кўра паст, ўрта ва юқори даражага.
Бизнеснинг биринчи категорияси Теҳрондан ташқари бутун мамлакат ҳудудида 11 апрель куни ишга қайтди. Сўнгги ҳафталарда пойтахт эпидемиянинг бош ўчоғи саналгани боис, юмшатишлар бу ерда 18 апрелдан кучга кирди.
20 апрелда янги чоралар пакети қабул қилинди. Энди иккинчи тоифа — коронавирус тарқалишининг ўртача хавфи бўлган бизнес турлари ишга қайтди. Душанба куни қурилиш моллари дўконлари, сувенир сотадиган расталар, фотосалонлар, кийим-кечак бутиклари, автосервислар очилди. Дорихоналар ва супермаркетлар эпидемия авж нуқтасига чиққан пайтларда ҳам мижозларга хизмат кўрсатиб келаётган эди.
Савдо марказлари ва бозорлар ҳам ишламоқда, бироқ қисқартирилган графикда — соат 18:00га қадар. Ресторанлар, спорт клублари ва айрим жамоат муассасалари ёпиқлигича қолмоқда. Қаҳвахоналарнинг ҳам кўпчилиги очилди, фақат улар етказиб бериш хизматини йўлга қўйишган.
Бундан ташқари, 20 апрелдан яна бир муҳим юмшатиш жорий этилди: шаҳарлар ўртасида шахсий транспортда қатнаш мумкин. Тўғри, ҳозирча ҳукумат фуқароларга саёҳатга чиқишдан тийилишни маслаҳат бермоқда.
«Хараз шоссесида чекловлар олиб ташланганидан сўнг автомобиллар сони кескин кўпайди. Биз Теҳрон аҳолисидан [мамлакат шимолида жойлашган] Мозандаронда жойлашган ўзларининг виллалари ва дала ҳовлиларига йўл олишдан тийилиб туришни сўраймиз», — деган душанба куни соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эраж Ҳарирчи.
«Савдо маркази ёпиқ, фақат соат 18:00гача ишлайди. Агар сизга супермаркет керак бўлса, унга кириш бошқа томондан ва у соат 23:00гача ишлайди», — дея тушунтириш беради «Палладиум» савдо маркази қўриқчиси одамларга.
Эронда тақиқ ва чекловлар ўрнига ҳукумат томонидан «ақлли ижтимоий масофа» деб аталувчи янги режим келмоқда. Ташаббусга кўра, бир қатор қоидаларга риоя қилинса, одамларнинг катта қисми ишга қайтиши мумкин. Қоидаларнинг кўп қисми қатъий регламентлаштирилган. Масалан, автобус ва метроларда иккиталик ўриндиққа фақат бир киши ўтириши мумкин, жамоат транспорти полига эса масофани сақлашга чорловчи махсус белги чизилган.
Шу ҳолатда ҳам ҳукумат одамларга заруриятсиз уйларидан кўчага чиқмасликни тавсия қилишда бардавом. Бироқ, бунинг учун ҳеч қандай мажбурлов чоралари назарда тутилмган.
Эронликларнинг аксарияти вазиятга жуда масъулият билан ёндашиб, кўчаларда сайр қилишга шошишмаяпти. Лекин уй «қамоғи»дан зерикканлар ҳам етарли даражада кўп.
Вазият назорат остида қолиши учун шаҳарларда одамларнинг оммавий тўпланадиган жойлари: масжидлар ва истироҳат боғлари ҳамон ёпиқ. Шаҳар ичида жойлашган, «хавф-хатар» деб ёзилган сариқ ленталар билан ўраб қўйилган яшил гўшалар ҳудудига кириш ўрнига пойтахтликлар ўша боғлар ёнида сайр қилишмоқда.
Нима бўлганда ҳам, Теҳронда бу йил баҳор аввалги йилларга нисбатан ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Шаҳар узра доим кўланка ташлаб турувчи смог узоқ давом этган карантин туфайли йўқолган. Лекин асосий ўзгариш – чекловларнинг бекор қилиниши одамларга эпидемиянинг тез орада тугаши борасида умид уйғотаётганидир.
Шундай бўлса-да, кўпчилик тушуниб турибдики, уларни ҳали касаллик тарқалишининг иккинчи тўлқини ва коронавирус оқибатлари билан узоқ ойлар мобайнида курашиш кутиб турибди.
Маълумот учун, Эронда кунлик касалланишлар сони март ойи охиридаги 3 минглик нуқтадан пасайиб бориб, айни пайтда 1300гача камайган. Мамлакатда 83,5 мингдан ортиқ киши вирус юқтириб олган, улардан 60 мингга яқини тузалиб, 5200дан ортиғи вафот этган.
Мавзуга оид
09:02
Эрон ўз ядро дастури бўйича музокаралар ўтказади
19:58 / 24.11.2024
Эрон уранни бойитувчи илғор центрифугалардан фойдаланишни бошлаганини эълон қилди
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
08:39 / 22.11.2024