Душанба куни Ҳўрмуз яқинида АҚШ армиясининг «Apache» зарбдор вертолёти қулагани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейинроқ АҚШ президенти Доналд Трамп бу ҳалокатни тасдиқлади. Трамп шундан сўнг «Apache» вертолёти уриб туширилганини жавобан Эронга зарбалар берилганини маълум қилди.

«Менимча, жавоб жуда кучли ва шиддатли бўлиши керак эди, мана шу зарба айнан шундай бўлди», деди Трамп сешанба куни ABC News телеканалига берган интервьюсида.

Reutersʼнинг ёзишича, АҚШнинг сўнгги зарбалари тахминан тўрт соат давом этди. АҚШ Марказий қўмондонлиги чоршанбага ўтар кечаси операция якунланганини маълум қилди. АҚШ расмийсининг сўзларига кўра, Эроннинг 20 га яқин нишонига зарба берилган.

2026-06-10 09.54.47

Эрон давлат ОАВлари Ҳўрмуз бўғозидаги Кешм ороли ва Сирик порт шаҳрига ҳужум қилинганини хабар қилди. Маҳаллий аҳолига кўра, яқин атрофдаги Бандар-Аббосда, кейинчалик эса бўғозга кириш қисмидаги Жаск ҳудудида портлаш товушлари эшитилган.

АҚШ ҳарбийларига кўра, ҳужумларда бўғоз яқинидаги Эрон ҳаво мудофааси, ер усти бошқарув станциялари ва кузатув радар объектлари нишонга олинган.

Эрон жавоб зарбалари

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси чоршанба куни Америка зарбаларига жавобан Иорданиядаги АҚШ базаси ва Форс кўрфазидаги 21 та турли нишонларга ҳужум уюштирди.

Хусусан, Эрон томони Иорданиядаги АҚШнинг «Ал-Азрақ» базасидаги тўртта объектни узоқ масофали ракеталар билан нишонга олганини билдирган. Нишонлар орасида F-35 қирувчи самолётлари ангарлари ва қўмондонлик-бошқарув маркази ҳам борлиги айтилмоқда. Муҳофизлар корпуси АҚШнинг ҳар қандай кейинги ҳужумига «қақшатқич ва ҳал қилувчи» жавоб беришга тайёр экани ҳақиқда огоҳлантирди.

2026-06-10 09.59.05

Иордания қуролли кучлари чоршанба куни Эрондан «Ал-Азрақ» йўналишида учирилган бешта ракетани тутиб олгани ва уриб туширганини маълум қилди. Ҳарбийларнинг қўшимча қилишича, ракеталарни уриб тушириш натижасида ҳосил бўлган парчалар Иордания ҳудудига тушган, бироқ ҳеч қандай талафот ёки моддий зарар келтирмаган.