Жаҳон | 20:58 / 21.04.2020
57920
8 дақиқада ўқилади

Коронавирус: АҚШ Хитойни нималарда ва нега айбламоқда?

Covid-19 эпидемияси Уҳандаги лабораториядан тарқалгани ҳақидаги иддаолар ўртага чиққач, Хитойга қарши қаратилган фикрлар Оқ уйда тобора кўпроқ янграй бошлади. Яъни Вашингтон эпидемияни «Хитойга қарши стратегия»нинг бир қисми сифатида қўллашга тайёргарлик кўра бошлади.

Фото: Alex Wong/Getty Images/AFP

Хитой эпидемия сабабчиси сифатида кўрилмоқда

Хитойнинг Уҳан шаҳридан тарқалган ва қисқа муддат ичида бутун дунё бўйлаб 175 мингдан ортиқ одам ўлимига сабаб бўлган Covid-19 эпидемиясининг пайдо бўлиши ва эҳтимолий оқибатлари Вашингтон кун тартибида турган энг муҳим масалалардан бирига айланди. Қарийб тўрт ойдан бери давом этаётган мунозараларда аввалига иштирок этмаган Дональд Трамп маъмурияти сўнгги пайтларда Хитойга қарши қаратилган айбловлар оташини янада оловлантириб, Чинни эпидемия сабабчиси сифатида кўрсатишга уринмоқда.

Маълумки, Covid-19 вируси илк бор 2019 йил декабрда Хитойнинг Хубэй провинциясида жойлашган Уҳан шаҳридаги денгиз маҳсулотлари бозорида бўлган одамларда аниқланганди. Ушбу эпидемия тарқалган дастлабки кунларданоқ унинг халқаро сиёсатга, шунингдек, инсонлар саломатлиги ва кундалик ҳаётга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида мунозаралар авж олди. Вирус сунъийми ёки табиийми, деган баҳсларга қўшимча ўлароқ, унинг глобал кучлар томонидан биологик қурол сифатида қўлланган-қўлланмагани хусусидаги саволлар ҳам ўртага чиқа бошлади.

«Хитой вируси» ибораси қандай туғилди?

Nature Medicine журналида чоп этилган бир тадқиқотда Covid-19’нинг генетик кетма-кетлиги ҳар томонлама чуқур таҳлил қилингани, натижалар эса вируснинг сунъий равишда ёки лаборатория муҳитида яратилмаганини кўрсатгани маълум қилинганди.

Таъкидлаш жоизки, АҚШда яқин кунларгача вирус сунъий тарзда яратилганига оид ҳеч қандай далил йўқ эди. Албатта, Вашингтон сўнгги ҳафталарда вирус келиб чиқишини Хитойга боғлашдан фойдаланаётгани ва барча бўлиб ўтган ишларда уни айбдор қилишга уринаётгани кўриниб турибди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг эпидемия билан боғлиқ илк баёнотида Хитой ҳукуматининг эпидемияга қарши курашини юқори баҳолаганди. Бироқ вирус АҚШда ҳам тезлик билан тарқала бошлагач, март ойи ўрталаридан эътиборан у Covid-19’ни «Хитой вируси» деб атай бошлади.

Трамп ўз гапларини хаспўшлашга уринмоқда

Трампнинг бу тарзда тавр ўзгартириши мамлакат ички сиёсати билан боғлиқ, деб тахмин қилинмоқда. Чунки у дастлаб эпидемияни етарлича баҳоламагани учун танқид қилинган эди. Энди эса АҚШнинг мувозанати бузила бошлаши билан Трамп Хитойни айблаш орқали ўзи олдин гапирган гапларни хаспўшлашга уринмоқда. Қолаверса, президентлик сайловлари тобора яқинлашар экан, у иқтисодий йўқотишлар ва кўп сонли ўлимларнинг сайловга ўтказадиган таъсирини камайтириш учун Хитойни айблаш йўлидан бормоқда. Айни пайтда Трамп Конгресс ва илмий марказлар томонидан Хитойга қарши илгари сурилаётган далилларга бефарқ бўлишни ҳам истамаяпти.

Хитойга нисбатан илгари сурилаётган икки айблов

АҚШ маъмурияти ва Конгресс Хитойнинг бўйнига асосан иккита айбни «илиш»га уринмоқда. Биринчи айблов шундан иборатки, Хитой вирус билан боғлиқ тафсилотларни ўз вақтида ва очиқ шаклда ошкор қилмади. Хитойнинг шаффоф эмаслиги Вашингтонда эпидемиянинг манбайига нисабатан шубҳа уйғотди ва бу шубҳанинг кенг миқёсда тарқалишига сабаб бўлди. Айрим сенаторлар ва АҚШ Конгресси вакиллари ҳатто Хитойни жазолаш керак, деган фикрда. Сенат ва Вакиллар палатасига тақдим этилган лойиҳада Хитойнинг Covid-19’га нисбатан «номувофиқ ва шубҳали муносабати»ни текшириш ва Пекиндан товон пули ундириш механизмини ишлаб чиқиш талаб қилинмоқда.

АҚШнинг яна бир айблови вирус Уҳан шаҳрида кўршапалаклар устида текширув ўтказилган лабораториядан сизгани ҳақидаги даъвога асосланади. Январь ойида Америка оммавий ахборот воситалари АҚШ Давлат департаментига Уҳандаги лабораторияда зарур чоралар кўрилмагани ва бу ерда эпидемия юзага келиши мумкинлигига оид маълумот берилганини маълум қилганди. Ташқи ишлар вазири Майк Помпео ушбу разведка маълумотлари бўйича берган баёнотида вируснинг лабораториядан тарқалганига оид тўғридан-тўғри далиллар йўқлигини, аммо буни диққатда тутиш лозимлигини айтди. Ушбу мунозаралар авжига чиққач, Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини (ЖССТ) ҳам бу ишнинг ўпқонига тортиб, Хитой ушбу ташкилот ёрдамида бутун дунёнинг кўзини шамғалат қилганини таъкидлади ва  АҚШнинг ташкилотга берадиган маблағи тўхтатиб қўйилишини эълон қилди.

АҚШ Covid-19 дафтарини осонликча ёпмайди

АҚШ разведкаси томонидан эпидемиянинг келиб чиқиши ва миқёси ўрганилмагани даргумон, албатта. АҚШ Бош штаб бошлиғи генерал Марк Миллей матбуот анжуманида ушбу вирус сунъий ёки табиий экани хусусида фикр билдирар экан, «ОАВ ва блогларда ғийбат-у миш-мишлар кўп. Ушбу даъволар билан шуғулланаётганимиз сизни ажаблантирмаслиги лозим. Разведка масалани жиддий ўрганиб чиқди», деб айтди.

Миллей, шунингдек, кўплаб далиллар вируснинг табиий эканига далолат қилаётганини ҳам таъкидлади. Ушбу баёнотдан кўп ўтмай Оқ уй ва АҚШ разведкаси ҳозирда вирус манбайини текшираётганини маълум қилди. Эртаси куни эса Пентагон раҳбари Марк Эспер Хитойга ҳеч қачон ишонилмаслиги, Пекин томонидан ҳақиқат яширилишига мутлақо йўл қўйилмаслигини таъкидлади. Бу эса Covid-19 дафтарини АҚШ осонликча ёпмаслигига ишора қилмоқда.

АҚШ Хитойга қарши айбловларни кун тартибига олиб чиқар экан, бир қатор стратегик мақсадларни кўзлаяпти. Америка ва Европа бошчилигидаги кўплаб давлатлар эпидемия сабаб жуда катта иқтисодий зарар кўраётган айни бир пайтда Хитой эпидемия устидан ғалаба қозонганини эълон қилди ва ҳатто ишлаб чиқариш тугмаларини босишга ҳам улгурди. Бу эса ўз навбатида қисқа вақт ичида глобал кучлар мувозанатига таъсир кўрсатиши аниқ. АҚШ буни жуда яхши билиб турибди. Шунинг учун ҳам бунга йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Қолаверса, у ўзининг Хитойни чеклаш асосига қурилган стратегиясига глобал қонуний тус бериш учун Covid-19’дан фойдаланишга уриняпти.

Хитойни қуршаб олиш стратегияси

АҚШнинг 2018 йилги Миллий мудофаа стратегиясида «улкан кучлар рақобати» терроризмга қараганда Вашингтон учун кўпроқ устувор аҳамиятга эга экани маълум қилинганди. Ҳужжат бу билан гарчи Россия ва Хитойга ишора қилса-да, АҚШ хавфсизлик бюрократияси, айниқса, Эспер ўшанда кўпроқ Хитойни назарда тутганди. Зотан, у ўзининг кўплаб баёнотларида бошқа ҳудудлар, хусусан, Яқин Шарқ ва Африкадаги қуролли кучларни чақириб олиб, уларни Тинч океани минтақасига кўчиришга ҳаракат қилаётганини айтганди. Кейинги пайтларда АҚШ ҳарбийлари Жанубий Хитой денгизида иккита авиаташувчи кемасини тутиб турибди.

Америка армияси Хитой томон узанган қулочини секин-аста торайтириб борар экан, Пентагон Конгрессдан Хитой ва Россия каби рақиб давлатларга қарши ишлаб чиқилган беш йиллик мудофаа дастурларига оид маълумотларни сир сақлашни талаб қилди. Одатда, Пентагон ҳар йили Конгресс орқали келгуси беш йиллик мудофаа дастурлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб боради. Шу сабабли, АҚШ ҳарбий кучлари келгусида қарама-қаршиликларни келтириб чиқарадиган қурол тизимлари устида ишлашини ва буни Хитойдан яшириш учун мана шундай талаб билан чиқаётганини билдирди.

Ўтган ҳафта эса АҚШ Вакиллар палатасига «Ҳинд-Тинч арсенали ташаббуси»ни тузиш учун қонун лойиҳаси тақдим этилди. Мазкур лойиҳада минтақада доимий база ташкил этиш ва янада кўпроқ ҳарбий ресурсларни жалб қилиш таклифи илгари сурилмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, бунинг учун ҳар йили 6 миллиард доллардан ортиқ бюджет ажратиш кўзда тутилган.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, АҚШда коронавирус эпидемияси манбайи билан боғлиқ мунозараларнинг тобора авж олиши Covid-19 Вашингтон томонидан Хитой стратегиясининг бир қисми сифатида ишлатилаётганидан далолат бермоқда.

Мавзуга оид