Жаҳон | 00:02 / 18.09.2021
9635
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик ҳуқуқ ҳимоячиси коронавирус расман эълон қилингандан бир неча ҳафта олдин пайдо бўлганини айтди

Фото: Reuters

Хитойлик ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳозирда АҚШда яшовчи Вэй Цзиньшэн Хитой коронавирус тарқалишини расман эълон қилишидан бир неча ҳафта олдин коронавирус ҳақида АҚШ махсус хизматларини огоҳлантирган. Бу ҳақда The Mirror нашри хабар берди.

Журналист Шарри Марксоннинг “Уҳанда аслида нима юз берган?” номли ҳужжатли фильмида Цзиньшэн 2019 йил ноябрда Уҳанда ўтган Бутунжаҳон ҳарбий ўйинларида номаълум вирус борлигидан қандай хабар топгани ҳақида сўзлаб берган.

Унинг таъкидлашича, у ўша вақтда АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятидаги юқори мансабдор шахсларни Уҳандаги вазият жиддийлигидан огоҳлантиришга уринган, бироқ унинг эпидемия юз бериши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириши жиддий қабул қилинмаган.

Хитойлик ушбу ахборот билан бўлишган америкалик мансабдор шахсларнинг исмини айтишдан бош тортган ва фақат хитойлик ҳуқуқ ҳимоячиси Димон Лю билан гаплашганини айтган.

ЖССТ коронавирус тарқалишини 2020 йил 30 январдагина халқаро аҳамиятга эга фавқулодда вазият деб эълон қилганди.

Мавзуга оид