Ўзбекистон | 22:40 / 22.04.2020
53115
5 дақиқада ўқилади

Карантин полигонида 14 кун — таассуротлар

Ўзбекистонда коронавируснинг олдини олиш чора-тадбирлари доирасида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 20800 ўринга эга карантин зонаси қурилди. Чартер рейсларда хориждан олиб келинган ватандошлар ушбу полигонда камида икки ҳафта сақланмоқда.

Ушбу полигонда икки ҳафта, ундан олдин шифохонада 16 кун карантинда бўлиб чиққан ватандошимиз ижтимоий тармоқдаги саҳифасига баъзи суратларини жойлади. Kun.uz мухбири у билан боғланиб, карантин зонасидаги ҳаёт ҳақида сўзлаб беришини сўради.

Аввало айтиш жоиз, қуйидагилар - фақат бир ҳамюртимизнинг фикрлари. Карантин жорий этилган дастлабки кунларда жойлардаги шароитлар ҳақида турли гап-сўзлар, видеолар тарқалди. Исми сир қолишини истаган ҳамюртимизнинг сўзлари, келтирган суратларига қараганда, махсус зоналардаги камчиликлар тез фурсатда ортиғи билан бартараф этилган.

30 кунлик карантин

– Истанбулдан қайтгач, 18 мартдан бошлаб 16 кун Тошкент шаҳридаги «Нуроний» клиник шифохонасида карантинда бўлдим. Охирги кун эрталаб 2 кишини вирусологияга олиб кетишди. Одамлар ваҳимага тушди. Яна 14 кун шу ерда қолишимизни тахмин қилдик.

Кечки овқатдан кейин 4та автобус келди. Ўша 2 киши яшаган қаватдагиларни автобусга чиқаришди. Улар алоқада бўлган, шунинг учун олиб кетишяпти, деб ўйладик. Лекин автобуслар келиши кўпайди. Шундан сўнг ҳаммамизни олиб кетишларини тушундик. Нарсаларимизни йиғишни бошладик.

Шу тариқа, 3 апрелда Ўртасаройга келиб, яна икки ҳафта – 17 апрелгача шу ерда бўлдик.

«Нуроний» шифохонасида жами 20тача палатада тахминан 2-3 кишидан жойлашган эдик. Йиғилиб гаплашиб турардик. Бошқа қаватларга аралашмас эдик. Биринчи қаватда 2та ювиниш хонаси, 4та ҳожатхона бор эди.

Шифохонанинг катта боғи бор эди. Ҳар куни чиқиб бадантарбия қилардик. Овқатлари жуда ҳам яхши эди. Менимча, овқатлар бирор тўйхона ёки миллий таомлар кафесидан олиб келинарди.

Нонуштага ҳар хил «каша»лар, пишлоқ, сарёғ, компот бериларди. Тушликда тез-тез тўй оши, салати билан биргаликда; мастава, «солянка» шўрва. Кечки овқатга эса бефстроган, бифштекс ва қовурма лағмон... Кунора суюқ овқат – манпар, товуқ шўрва, фрикадельки. Яна кефир, кисель, компот ҳам берилди.

Кечки овқатдан кейин доим ширинлик ҳам бериларди. Ҳаммасидан ҳам ҳайрон бўлганимиз – ким яна қўшимча ейишни хоҳласа, албатта беришарди.

Ўртасаройдаги ҳаёт

Ўртасаройга келганимиздан кейин ҳар бир контейнерга 4 кишидан жойлаштиришди. Ювиниш хонаси, унитаз ва раковиналар – ҳаммаси бор.

Ҳар бир одамга 3тадан сочиқ, тиш паста ва чўтка, қўл ювиш совуни, шампун берилди.

Нонуштага 2тадан тухум, қовурилган колбаса, каша ва булочкалар беришарди. Пакетли чой қанд билан бериларди. Ҳар бир хонага биттадан тефал берилган. Ҳар 4 кунда 10 литрдан сув берилди.

Тушликка товуқ ёки оддий котлет, гуруч, гречка, перловка ва пюре гарнир билан бериларди.

Кечки овқатга ош ёки жаркоп, ҳатто KFC товуғи ҳам берилди.

Ўртасаройга келганимизда хонамизга 2та китоб ҳам қуйиб қуйишган экан. Бўш вақтларимизда китоб ўқидик. Хар бир хонада телефон бор эди. Фақат интернетга уланмайди, лекин хоҳлаганча гаплашиш мумкин экан.

Умуман, шароитлар жудаям яхши ташкиллаштирилган. Алоҳида мед персонал қўриқчи ва хизмат қилаётганларга раҳмат дейишимиз керак. Бизни тушунса бўлади. Ўзимиз иш билан юриб, четдан учиб келганмиз. Мед персонал ишда худди биздек қолишган. Хизматчилар хушмуомала эди. Барчага яхши муносабатда бўлишди.

Шу ўринда таклифларим бор эди

Фуқаролар карантинга олиб келинганидан кейин ўз эҳтиёжига керак бўладиган шахсий гигиеник воситалар, кийимлар, фарзанди бор аёлларга каша ва памперс керак бўлади. «Доставка» орқали олиб келтирсангиз, олиб киришга рухсат йўқ. Нарсаларни олиб киришга рухсат берилса, яхши бўлар эди.

Яна бир таклифим: зона ҳовлисига турник қўйиб беришса, одамлар спорт билан шуғулланиб туриши мумкин бўларди.

Мен бизнес эгасиман, ишчиларимни бошқариб туриш учун доим компьютер ва телефоним бўлиши шарт. Шунинг учун нима қилиб бўлса ҳам уларни олиб қолдим. Сабаби ҳозир шифокорларимизга тиббий ниқоблар ва комбинезонлар етказиб берамиз.

Мавзуга оид