15:42 / 23.04.2020
3172

Алишер Шодмонов: «Тизимни молиялаштириш ҳар қачонгидан кўра эркин»

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг маълум қилишича, коронавирус тарқалишига қарши кураш учун соғлиқни сақлаш тизимига 5,4 трлн сўм маблағ ажратилган.

Фото: KUN.UZ

«Биз ҳеч қачон молиялаштириш бўйича ҳозиргидек эркин ишламаган эдик. Соғлиқни сақлаш тизимига 5,4 трлн сўм маблағ ажратилди, бундан 3,9 трлн сўми бюджет ҳисобидан, 1,2 трлн «Инқирозга қарши кураш» жамғармаси ҳисобидан бўлди. Халқаро молия инстутлари тақдим этган 32 млн долларни ҳозир ўзлаштириб бўлдик ва бундан ташқари 150 млн долларлик шартномалар тузиляпти. 

Махсус ҳудудларда ишлаган тиббиёт ходимлари белгиланган маошларни олишяпти. 

Захира шифохоналардан ташқари, Чилонзор туманида 500 ўринли иккита шифохонани ишга туширяпмиз. Эпидемиядан кейин биттаси шаҳар перинатал маркази сифатида, иккинчиси шаҳар болалар шифохонаси сифатида иш бошлайди. 

«Эски ТошМИ» (Тошкент тиббиёт академияси) учинчи клиникаси базасида 300 ўринли шифохона қурилиши амалга ошириляпти ва бир ойга қолмасдан якунланади. Зангиотада янги қурилаётган 2 минг ўринли шифохонанинг 1 минг ўрни ҳозир тайёр бўлди. Пандемиядан кейин бу жой республика вирусология шифохонаси бўлади», дея маълумот берди Соғлиқни сақлаш вазири Халқаро Пресс клубнинг навбатдаги сессиясида.

Top