Жаҳон | 16:00 / 25.04.2020
2536
2 дақиқада ўқилади

Air France авиакомпанияси ҳукуматдан 7 млрд евро ёрдам олади

Ўз навбатида Нидерландия ҳукумати Air France билан биргаликда Air France - KLM авиакомпаниясини ташкил этувчи KLM авиакомпаниясига 2 млрд евродан 4 млрд еврогача моддий ёрдам ажратади.

Фото: Picture Alliance

Коронавирус пандемияси сабабли Франция ҳукумати Air France авиакомпаниясини қўллаб-қувватлаш учун 7 млрд евро ажратади. Бундан 3 млрд еврони давлат ажратса, яна 4 млрд еврони банкларнинг кафолатли кредит ёрдами ташкил этади. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Брюно Ле Мэр маълум қилди.

"Биз миллий авиакомпаниямизни сақлаб қолишимиз керак", - деб таъкидлади Ле Мэр. 

Унинг сўзларига кўра, Air France миллийлаштирилмайди. Бундан ташқари, Франция ҳукумати Renault автоконцерни учун 5 млрд евролик ёрдам пакетини ишлаб чиқмоқда. 

Ўз навбатида Нидерландия ҳукумати Air France билан биргаликда Air France - KLM авиакомпаниясини ташкил этувчи KLM авиакомпаниясига 2 млрд евродан 4 млрд еврогача моддий ёрдам ажратади.

Пандемия сабабли парвозлар тўхтатилгани боис бутун дунёдаги авиакомпаниялар маблағ етишмовчилигига дуч келди. Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси миллиардлаб евро зарар кўрмоқда. Lufthansa молиявий ёрдам олиш илинжида Германия, Швейцария, Австрия ва Бельгия ҳукуматлари билан музокара ўтказмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид