Ўзбекистон | 08:49 / 25.04.2020
136942
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумот берилди

2020 йил январь-март ойларида Ўзбекистон бўйича юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2,5 млн сўмни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 26,5 фоизга ошди.

Фото: KUN.UZ

Давстатқўм хабарига кўра, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи таркибига иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек, унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд. 

Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг республика бўйича ўртача кўрсаткичидан соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш фаолияти – 29,9 фоизга, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар - 27,7 фоизга, таълим соҳаси - 19,1 фоизга сезиларли даражада паст бўлди. Шу билан бирга, банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти - 111,5 фоизга, ахборот ва алоқа соҳаси - 61,5 фоизга республика бўйича ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқорилиги кузатилди. 

Иқтисодий фаолиятнинг барча турларида 2019 йилнинг мос даврига нисбатан ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг ўсиши кузатилди. Айниқса банк, суғурта, лизинг ва кредит-воситачилик фаолиятида - 46,7 фоизга, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар - 32,6 фоизга, қурилиш соҳасида - 32,2 фоизга сезиларли ўсиш кузатилди. 

Ҳудудларда айрим иқтисодий фаолият турлари бўйича республикадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақига нисбатан энг паст кўрсаткичлар кузатилди. Жумладан, саноат иқтисодий фаолият тури бўйича – Сирдарё (40,9 фоиз), Наманган (35,1 фоиз), Жиззах (30,6 фоиз) ва Сурхондарё (23,6 фоиз) вилоятларида, қурилиш иқтисодий фаолият тури бўйича - Жиззах (36,3 фоиз), Қашқадарё (34,0 фоиз), Фарғона (32,6 фоиз) ва Хоразм (26,4 фоиз) вилоятларида, ташиш ва сақлаш иқтисодий фаолият тури бўйича – Андижон (56,5 фоиз), Тошкент (52,7 фоиз), Жиззах (50,8 фоиз) ва Сирдарё (49,7 фоиз) вилоятларида ҳамда банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида – Наманган, Сирдарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида 20 фоиздан кўп камайиш кузатилди. 

Таълим соҳаси бўйича қатор ҳудудларда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг юқори кўрсаткичлари кузатилди. Республикадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақига нисбатан сезиларли юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳри - 138,4 фоиз, Сирдарё вилояти - 101,9 фоиз, Навоий вилояти - 100,5 фоиз ва Тошкент вилояти - 100,1 фоиз ҳиссасига тўғри келган. 

Шу билан бирга, 10 та ҳудудда ушбу соҳадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг республика ўртача кўрсаткичидан паст эканлиги кузатилди. Республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан сезиларли паст кўрсаткичлар Сурхондарё вилояти - 95,2 фоиз, Фарғона вилояти - 92,0 фоиз, Хоразм вилояти - 91,9 фоиз ҳамда Қашқадарё вилояти - 87,4 фоиз ҳиссасига тўғри келган. 

Мавзуга оид