Жаҳон | 23:10 / 28.04.2020
15014
2 дақиқада ўқилади

Путин Россияда ишланмайдиган кунлар муддатини узайтирди

Россия президенти 25 март куни халққа қилган мурожаатида 30 мартдан 5 апрелгача ишланмайдиган ҳафта эълон қилганди. Путин 2 апрель куни янги мурожаат билан чиқди ва ишланмайдиган кунлар муддатини 30 апрелгача узайтирди.

Фото: ALEXEY DRUZHININ/TASS

Россия президенти Владимир Путин коронавирус тарқалишига қарши курашиш мақсадида илгари жорий этилган “ишланмайдиган кунлар” муддатини узайтирди. У 11 майгача муддатни ишланмайдиган кунлар деб эълон қилди.

Путин буни эпидемия Россияда ҳали чўққисига чиқмаганлиги учун коронавирусга қарши қатъий кураш чораларини узайтириш зарурлиги билан изоҳлади.

«Биз ҳозирда эпидемия билан курашнинг янги, кескин босқичида турибмиз. Биз эпидемия тўлқини сусайиб, пасайишига эришишимиз лозим», — деди Путин.

У шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга ҳам тўхталиб ўтди.

"Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб режалаштирганларимизнинг барчаси албатта бўлади. Қизил майдонда парад ва "Ўлмас полк" юришини ҳам ўтказамиз. Ғалаба байрамини вазият тўлиқ хавфсизлигига ишонч ҳосил қилганимизда нишонлаймиз", - деди у россияликларга мурожаатида.

Россия президенти 25 март куни халққа қилган мурожаатида 30 мартдан 5 апрелгача ишланмайдиган ҳафта эълон қилганди. Путин 2 апрель куни янги мурожаат билан чиқди ва ишланмайдиган кунлар муддатини 30 апрелгача узайтирди.

28 апрель куни Россия коронавирусга чалинганлар сони бўйича Эронни ортда қолдириб, дунёда саккизинчи  ўринга чиқди. Мамлакатда бу касалликни юқтирганлар сони 93,5 мингдан ошган, 800дан ортиқ киши вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид