Жаҳон | 22:25 / 04.05.2020
99672
6 дақиқада ўқилади

Бир фалокатда ўн минглаб қурбон: тўғонларда юз берган энг йирик авариялар

Дунёда сувни у ёки бу шаклда бошқариб турувчи ва инсон манфаатлари учун хизмат қилувчи минглаб тўғонлар, сув омборлари ва ГЭСлар мавжуд. Тарих бу иншоотларнинг турли сабабларга кўра бузилиши ва сувнинг катта босим билан отилиб чиқишига кўп бор гувоҳ бўлган. Улардан айримлари ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Аввало таъкидлаш жоиз, биз ҳар иккисини тўғон деб атайдиган плотина ва дамбаларнинг бир-биридан фарқи бор. Дамбалар (тўғонларга кўпроқ яқин) одатда катта босимни жиловлашга эмас, сувни йўналтириш ва ҳудудни сув босишдан сақлашга, жумладан дарёлар сувларини бошқаришга хизмат қилади.

Плотиналар эса одатда сув омборлари учун, айнан юқори босимни бошқариш, сувни инсон белгилаган даражага кўтариш, зарур бўлганда тақсимлаб бериш ва кўп ҳолларда электр энергия олиш учун қўлланилади. «Сардоба» сув омборидаги ҳолат ҳам айнан плотина бузилишидир.

Вайонт плотинасидаги даҳшат (Италия)

Италияда кечган бу фалокатни ҳали-ҳануз яхши эслашади. Беллуно музофотидаги Вайонт дарёси устида 1961 йилда қурилган аркасимон бетон плотина баландлиги 261,6 метрга тенг эди.

1963 йилнинг 9 октябрида, тунги соат 22:39да инсоният тарихидаги энг йирик авариялардан бири содир бўлди. Сув омбори «коса»сига 45 сония ичида 200-300 метр куб ҳажмдаги тоғ массалари қулаб тушди ва 150-250 метр баландликдаги тўлқин ҳосил қилиб, 50 млн метр куб сув катта тезликда отилиб чиқишига сабаб бўлди.

Сув оқими 8-12 м/с тезликда ва 90 метр баландликда шиддат билан ёйилади, атиги 4 дақиқа ичида ён атрофни вайрон қилади.

Турли маълумотларга қараганда, фалокат натижасида 2500-3000 одам ҳалок бўлган.

Авлиё Франциск тўғонидаги фожеа (АҚШ)

Фото: Los Angeles Times

Авлиё Франциск (Сент-Фрэнсис) плотинаси аркали-гравитацион қурилма бўлиб, Лос-Анжелес шаҳрини сув билан таъминлаш мақсадида 1924-1926 йилларда қурилганди.

Баландлиги 59 м, сиғими 47 млн. метр куб бўлган бу қурилма барпо этилганидан икки йил ўтиб, 1928 йилнинг 12 мартида ўпирилиб кетди. Фожиа оқибатида 431 киши қурбон бўлди.

Суд плотина қурилишига бошчилик қилган Вильям Малхолландни айбсиз деб топди, аммо у умрининг охиригача виждон азобида яшаб ўтди.

Мальпассе плотинаси (Франция)

Фото: F Fillon

Франциянинг Фрежюс шаҳри яқинидаги Рейран дарёсига қурилган аркасимон плотина ичимлик ва суғориш учун сув сақлашга мўлжалланганди. Гарчи бу иншоот ҳақида 1865 йилдан бошлаб режалар тузилган бўлса-да, пул танқислиги туфайли лойиҳалаш 1941 йилда, қурилиш эса 1952 йилда бошланди ва 1954 йилда тугалланди.

Қурилиш жараёнида ишчилар маош камлигидан иш ташлайвериши оқибатида раҳбарият бетондан иқтисод қилгани ҳақида маълумотлар бор.

5 йил давомида бу сув омбори ишлаб турганини омад деб аташ мумкин. Сабаби, қурғоқчилик туфайли иншоотнинг ярми ҳам тўлмаганди. 1959 йилнинг 19 ноябрида дастлабки тирқишлар пайдо бўлди ва 2 декабрда тўғон ўпирилиб, 40 метрли сув 70 км/соат тезликда оқиб кетди.

Энг катта талафотни дастлабки қишлоқлар – Мальпассе ва Бозон кўрди. Тўлқин Фрежюс шаҳрига ҳам етиб борди ва шаҳарнинг ярми сувда қолди.

Фалокат натижасида, расмий маълумотларга кўра, 423 киши қурбон бўлган, уларнинг 135 нафари болалар эди.

Брумадинью тўғони (Бразилия)

Фото: EPA-EFE/Antonio Lacerda

Бразилиянинг Минас-Жерайс штатида 2019 йилнинг 25 январида рўй берган тўғон ўпирилишининг ўзига хос жиҳати шунда эдики, 2015 йилда иншоотга эгалик қилувчи Vale компаниясига тегишли Бенту-Родригесдаги бошқа бир тўғон ҳам аварияга учраганди.

Брумадинью тўғони ўпирилиши кўплаб ишчиларнинг яқин жойда тўпланиб турган вақтига тўғри келган. Фалокат натижасида расман 248 киши ҳалок бўлгани ва 22 киши бедарак йўқолгани қайд этилган.

Саяно-Шушенской ГЭСидаги авария (Россия)

Фото: gelio.livejournal.com

Россиянинг марказий-жанубий ҳудудидан оқиб ўтган Энасой дарёси бўйидаги Саяно-Шушенской ГЭСи – қуввати жиҳатдан мамлакатдаги энг йирик ГЭС саналади.

2009 йилнинг 17 августида рўй берган техноген фалокат нафақат Россия, балки дунё миқёсидаги энг улкан авариялардан бири сифатида тарихга кирди ва мамлакат бюджетига 50 млрд рубл (ўша вақтда 1 млрд АҚШ долларидан кўпроқ) зарар келтирди.

Сув 245 метр баландликдан шиддат билан ёпирилган.

Гидроэнергетика соҳасидаги энг улкан авариялардан бири натижасида 75 киши қурбон бўлди, улкан ҳудудда экологик фалокат кузатилди, катта майдон яроқсиз ҳолга келди, энергия таъминоти издан чиқди.

Ўша вақтда фавқулодда вазиятлар вазири бўлган Сергей Шойгу (ҳозирда мудофаа вазири) бу аварияни Чернобил авариясига қиёслаган.

Баньцяо плотинаси – 1,7 млрд метр куб сув отилиши (Хитой)

Фото: Wikimedia

Хитойнинг Хэнань музофотида рўй берган бу даҳшатли фожиа узоқ вақт сир тутиб келинди.

Баньцяо плотинаси 1950 йилларда қурилганди. Аммо қурилиш тугагач кўп ўтмай, унда ёриқлар пайдо бўла бошлаган. Таъмирдан кейин унга «темир дамба» дея таъриф берилиб, энди бузилмаслиги эълон қилинган.

Дамба минг йилда бир содир бўладиган, яъни ҳудуд учун суткасига 306 мм.гача кучли ёғинларга мўлжаллаб қурилганди. Лекин одатда йилига ўрта ҳисобда 800 мм ёғин бўладиган бу музофотда 1975 йилда 2 минг йилда бир кечадиган кучли ёғин кузатилди – суткасига 1631 мм. кўрсаткич қайд этилди.

Натижада ўша йилнинг 8 августига келиб, шлюзлар бу қадар катта босимни кўтара олмади ва 62та плотина бирин-кетин ўпирилиб тушди ҳамда умумий ҳисобда 1,7 млрд метр куб сув шитоб билан аҳоли пунктлари устига отилди.

Маҳаллий аҳоли вакиллари ҳодисани «дарё аждаҳоси ёпирилиши» дея таърифлаган: энига 12 км.га чўзилган, бир неча метр баландликдаги тошқин ўн минглаб кишини ҳаётдан олиб кетди.

Нобуд бўлган одамлар сони турлича келтирилади. Расмий маълумотларда 26 минг киши сув остида қолиб ўлганини қайд этилган. Аммо бошқа манбаларда 173 мингдан 230 минг нафаргача инсон, 300 минг бошдан ортиқ қорамол қурбон бўлгани айтилади.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзуга оид