Бундан бир неча кун олдин “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалицияси аъзолари Тожикистонда жойлашган Роғун ГЭСи борасида ўз ҳисоботларини эълон қилди.

Унга кўра Роғун ГЭС тўғонини жуда баланд қилиб қуриш хавф туғдиради. Шу сабабли коалиция Тожикистондан уни максимал баландликкача қурмасликни сўраган. Ташкилот ўз ҳисоботини Роғун ГЭС қурилишида асосий сармоядор бўлиб келаётган Жаҳон банкига ҳам юборган.

Маълумот учун, Роғун ГЭСнинг дастлабки генераторлари 2018 йилда, кейингилари 2019 йилда ишга туширилган. Қўшни давлат ҳозирда ГЭСни тўлиқ битказиш учун сармоядорларни изламоқда. Роғун ГЭС тўлиқ битса, баландлиги 335 метр бўлади ва у жаҳондаги энг баланд тўғонлардан бирига айланади.

Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда Ер юзида 800 мингдан ошиқ катта ва кичик тўғонлар бор. Электр энергияга, айниқса “яшил энергия”га талаб ошиб бораверар экан, келажакда тоғли ҳудудларда баланд тўғонлар қурилиши давом этаверади.

Бироқ бунда тўғон қуриладиган жойдаги ер жинслари, ҳудуднинг сейсмик ҳолати чуқур ўрганилиши керак. Акс ҳолда Италиядаги Вайонт тўғонида содир бўлган ҳодиса каби аянчли ҳалокат содир бўлиши мумкин.

Дунёдаги энг баланд тўғон

Вайонт тўғони 1961 йилда Алп тоғларининг Италия шимолида жойлашган қисмида, Пяве дарёси ирмоғининг олди тўсилиб қурилган.

Тўғон қурилиши учун тоғ дарёсининг тор дарадан оқиб ўтадиган жойи танланган. Бу ҳудудда ер жинси жуда бўш бўлиб, тез-тез ер кўчиб турарди.

Бироқ лойиҳачилар буюртмачиларни тўғон охиригача тўлдирилмаса ҳеч қандай муаммо юзага келмайди деб ишонтиришади. Шундан сўнг қурилиш бошланади.

Вайонт тўғонининг баландлиги аввалига 150 метр бўлиши режа қилинганди. Кейинчалик режа ўзгаради ва баландлик 200, кўп ўтмай 250, охирида 260 метр бўлиши белгиланади. Бу баландлик Вайонтнинг ўша пайтда дунёдаги энг баланд тўғон бўлиши учун етарли эди.

Вайонт тўғони

Тўғон битгандан сўнг унга 168 млн метр куб сув йиғиш ва 200 мегаватт электр энергия ишлаб чиқариш мумкин эди. Сув омборини тўлдириш 1960 йил феврал ойида бошланади.