17:01 / 04.05.2020
9254

Mobiuz Сирдарё вилояти абонентлари учун чексиз қўнғироқларни тақдим этди

Фото: Mobiuz

Mobiuz мобил оператори Сирдарё вилоятининг бир қатор ҳудудларида алоқани тиклади ҳамда вилоят аҳолиси учун қўнғироқларни нархланмайдиган қилди. Бу ҳақда компания расмий сайти маълум қилди. 

Сирдарё вилоятининг аҳолиси учун шу кунлар синовли келди – Сардоба сув омбори тўғонидан сув чиқиши оқибатида бир қатор қишлоқлар ҳудудини, экин майдонларини сув босди, Мирзаобод, Сардоба, Оқолтин туманларидаги 20 та маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси бошқа жойларга фавқулодда кўчирилди.

Ушбу ҳолат ҳудудлардаги уяли алоқа билан таъминлашга ҳам таъсир кўрсатди. Mobiuz'нинг 14 та база станцияси фаолиятини тиклаш учун компания мутахассислари томонидан тезкор техник ишлар олиб борилди. Электр энергияси узилган ҳудудларда дизел-генератор ускуналари орқали станциялар фаолияти таъминланмоқда. Энг катта талафот кўрган ҳудудлардаги яна 5 та объектда сув босиши оқибатларини бартараф қилиш ишлари билан бир маромда алоқа тикланади.

Ҳозирда Сирдарё вилояти аҳолисига катта ғамхўрлик ва эътибор керак. Mobiuz мобил оператори сирдарёликларга ёрдам қўлини чўзган ҳолда қўнғироқлар нол қийматидаги нархлашга ўтганлигини маълум қилади. Яъни Mobiuz'нинг ҳар қандай тариф режасидан фойдаланаётган аҳоли дақиқалар тўплами якунлангандан кейин май ойи охиригача Ўзбекистон бўйича чексиз қўнғироқларни амалга ошириши мумкин.

«Сирдарёликлар учун ўз яқинлари, хайрихоҳлар, давлат органлари билан доимий алоқада бўлиш жуда муҳим. Шунинг учун Mobiuz меҳр ва эътибор кўрсатган ҳолда вилоят аҳолиси учун тариф режасидан қатъий назар чексиз қўнғироқларни амалга оширишни йўлга қўйди. Бундан ташқари, компания ва ходимлар талафот қурбонларига хайрия ёрдамини кўрсатиш мақсадида пул маблағларини йиғмоқда. Бу ҳақида ижтимоий тармоқларимиздаги расмий саҳифаларда батафсил маълумот берамиз», - дея, изоҳлади Mobiuz'нинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича расмий вакили Сардор Тожиев.

Top