Ўзбекистон | 12:26 / 06.05.2020
36847
2 дақиқада ўқилади

Наманган «қизил» ҳудудга киритилди. Карантин қоидалари ҳозирча сақлаб қолинади

Наманган вилояти мавжуд эпидемиологик вазият туфайли “қизил”, яъни юқори хавфли ҳудудга киритилди.

5 май куни президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда мамлакатдаги эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатилиши билдирилди. Шунингдек, вилоят, туманлар ва шаҳарлар “қизил” (юқори хавфли), “сариқ” (ўрта хавфли) ва “яшил” (хавфсиз) ҳудудларга ажратилиши белгиланди.

Наманган вилояти мавжуд эпидемиологик вазият туфайли “қизил”, яъни юқори хавфли ҳудудга киритилди. Бу ҳақда Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Билдирилишича, вилоят бўйича 6 май кунига қадар 230 нафар шахс коронавирус инфекциясига чалингани аниқланган ва Наманган бу кўрсаткич бўйича республикада Тошкент шаҳри (668 нафар бемор), Бухоро вилояти (435) ва Хоразм вилоятидан (232) кейинги тўртинчи ўринда турибди. Коронавирусдан ўлим ҳолати бўйича эса (4 та) Наманган пойтахт Тошкентдан сўнг (5 та) иккинчи ўринда қайд этилган. 

“Вилоятдаги коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатларининг аксарият қисми Наманган шаҳрига тўғри келмоқда. Шу боис шаҳарда жорий этилган чекловлар, жумладан, автомобилларда махсус стикерларсиз фақат маълум соатларда ҳаракатланиш бўйича талаблар ўз кучида қолади. Наманган эпидемиологик жиҳатдан “қизил” (юқори хавфли) ҳудудга кириши эътиборга олиниб, карантин қоидалари ҳозирча юмшатилмайди”, - дейилган хабарда. 

Фуқаролардан карантин қоидаларига қатъий амал қилиш сўралган.

5 май ҳолатига кўра, Наманганда беморларнинг 106 нафари тузалган, 4 киши вафот этган, 120 бемор даволанишни давом эттирмоқда.

Бундан олдин, Самарқанд “қизил” ҳудудга киритилгани, вилоятда карантин қоидалари сақланиб қолиши хабар берилганди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид