Тошкент вилоятида Human.uz сайти журналисти фаолиятига тўсқинлик қилиндими?
30 апрель куни Human.uz сайтининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда расмий веб-сайтида ушбу онлайн ахборот нашри ходимларининг журналистик фаолиятига тўсқинлик қилингани ҳақида видеолавҳа жойлаштирилди.
Воқеа ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди, айрим вазирлик ва идоралар ҳам ўз муносабатларини билдирди.
Бу борада Тошкент вилояти ҳокимлиги ва вилоят ИИББ Ахборот хизматлари ҳам ўз эътирозларини баён қилди.
Шу ўринда, таъкидлашни истардикки, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва вилоят ИИББ Ахборот хизматлари тақдим этган видеолавҳада мазкур ҳодиса юзасидан мустақил суриштирув ўтказаётган Kun.uz мухбирининг кўриниш бериши ҳамда сайт микрофонининг намойиш этилиши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида ҳақли эътирозларни уйғотди.
Шу муносабат билан, қайд этиш лозимки, Kun.uz сайтининг мухбири, унинг логотипи туширилган микрофони ёки сайтнинг бошқа таниқли белгилари ижтимоий тармоқларда бошқа фойдаланувчилар томонидан намойиш этилиши Kun.uz сайтининг расмий позициясини англатмайди.
Алоҳида қайд этиш жоизки, Тошкент вилоят ҳокимлиги ва ИИББ ахборот хизматлари йўл қўйилган хатони тузатиб, расман узр сўрашди.
Келинг, энди асосий саволга жавоб изласак. Тошкент вилояти Тошкент туманида Human.uz сайти журналисти фаолиятига тўсқинлик қилинганмиди?
Биз воқеанинг барча иштирокчилари, яъни туман ҳокими Одилхон Рустамов, ИИБ бошлиғи полковник Иброҳим Ҳасанов, туман 10-ИИБ бошлиғи подполковник Ёқуб Комилов, ЙПХ инспектори Рустам Каримов, Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Беҳзод Қобулов, вилоят ИИББ Ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов, журналист Хуршид Далиев ҳамда Human.uz сайтига мурожаат қилган тадбиркор билан учрашиб, бўлиб ўтган ҳодиса бўйича изоҳ олдик.
Сарлавҳадаги саволга жавоб топишни ўқувчининг ўзига қолдирамиз. Айтадиган сўзимиз шуки, оммавий ахборот воситалари ходимлари халқ душмани эмас, улар ҳам шу жамиятнинг тўлақонли аъзоси, улар ҳам маошидан солиқ тўлайдиган фуқаролар.
Қолаверса, давлат раҳбарияти томонидан жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида сиёсий ирода намойиш қилинмоқда. Бу назоратни эса айнан холис оммавий ахборот воситаларигина таъминлай олади.
Камчиликлар, муаммоларни кўрсатиш эса, масалани ўз вақтида ижобий ҳал этишга, кимнингдир поймол бўлаётган ҳуқуқини тиклашда муҳим ўрин тутади. Шу боис, маҳаллий идоралар ва оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги янада кучайса, бундан фақатгина жамият ютади.
Мавзуга оид
19:57 / 22.11.2024
«Тошкент вилояти сув таъминоти» АЖ мутахассиси 1,6 минг доллар билан ушланди
21:23 / 21.11.2024
Тошкент вилоятида ҳожатхона учун қазилган чуқурга тушиб кетган фуқаро қутқарилди
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
14:12 / 15.11.2024