Жаҳон | 23:01 / 07.05.2020
38919
8 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Эронни нималар кутмоқда?

Коронавирус нафақат соғлиқни сақлаш тизими, балки иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий жабҳаларга ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани мамлакатнинг бош муҳокама мавзусидир. Аммо ҳозирда Эрондан эпидемияга оид аниқ ва шаффоф маълумот олиш қийин. Чунки мамлакатдаги матбуот эркинлиги ва демократик қадриятларга содиқлик масаласи ахборот олиш имкониятларига бевосита таъсир ўтказмоқда. Айни пайтда Эрондаги эпидемия билан боғлиқ сўнгги вазият жаҳон афкор оммасида ҳам қизиқиш уйғотмоқда.

Фото: Getty Images

Расмий ва ҳақиқий маълумотлар бошқа-бошқа

Эронда сўнгги кунларда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари яна ўса бошлади ва 6 май куни мингдан ортиқ бемор аниқланиб, 100 минглик нуқтадан ўтилди. 7 май куни яна 1,5 мингга яқин ҳолат аниқланди.

Илк ҳолат қайд этилган ва расмийлар томонидан вирус ўчоғи деб эълон қилинган Қум шаҳри ички ва ташқи огоҳлантиришларга қарамай, карантинга, ҳатто назорат остига ҳам олинмади. Шу асно эпидемия қисқа фурсат ичида нафақат бутун мамлакатга, балки минтақадаги бошқа мамлакатларда ҳам тарқалиб улгурди. Жараённинг аввалбошдан шаффоф бир шаклда бошқарилмагани эса давлатнинг ахборот манбайи сифатида ишончлилигига жиддий путур етказди.

Таъкидлаш жоизки, Эронда «расмий маълумотлар» атамаси «ҳақиқий маълумотлар» тушунчасидан буткул фарқли. Шу боис узоқ йиллар давомида давлат ва жамоатчилик ўртасида юзага келган ишончсизлик сўнгги пайтларда ўзининг ҳадди аълосига кўтарилди. Ҳукумат томонидан кўрилган чора-тадбирлар халқ томонидан қўллаб-қувватланмади.

Бугун Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинаётган кунлик ахборотлар ҳам расмийлар томонидан ҳақиқий маълумот сифатида қабул қилинмаяпти. Ҳар куни мунтазам равишда эълон қилинаётган бу маълумотлар жамоатчиликни хабардор қилишдан кўра кўпроқ ички ва ташқи ташвиқот қуролига ўхшайди. Шу боис, Эронда Covid-19’га чалинган хасталарнинг ҳақиқий сони айтилганидан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Ишонч кўзгуси дарз кетди

Қайд этиш лозим, замон эҳтиёжларини қондира оладиган инфратузилма мавжуд эмаслиги мамлакатда сурункали муаммолар илдиз отишига олиб келди. Бу эса ўз навбатида соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалаларида жиддий ташвишлар туғилишига сабаб бўлмоқда. Масалан, узоқ мунозаралардан сўнг Эрон маъмурияти томонидан Covid-19’га қарши кураш доирасида 23 миллион хонадонга ажратилган 1 миллион туманлик кредит ҳам алоҳида бир муаммога айланди.

Бундан ташқари, хасталарни қабул қилиш, рецепт ва дори-дармон тарқатиш ёки бемор тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда эмас, эски тартибда – қоғозда юритилаётгани ҳам хавотирларга сабаб бўлмоқда. Шаффофлик тамойили ўртадан кўтарилишига ва бошқарув механизмида муаммолар пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Устига устак, кейинги пайтларда касаллик муолажаси учун ишлатиладиган дори-дармонларни импорт қилиш масаласида ҳам қийинчиликлар юзага келмоқда. Масалан, Эрон парламентининг соғлиқни сақлаш комиссияси аъзоларидан бири коронавирус беморларида қўллаш учун олиб келинган 20 мингта «Фавипиравир» номли дорининг атиги 15 мингтаси вазирликка етказилгани, қолган 5 мингтаси эса изсиз ғойиб бўлганини маълум қилди. Яқинда Эрон Аудиторлар суди раиси Одил Азер ҳам баъзи импортёрлар ва айирбошлаш шохобчаларига ўтган йили тарқатилган 31 миллиард долларнинг 4,8 миллиарди давлатга топширилмаганини эълон қилди.

Мана шундай оғир кунларда давлат ва жамоатчилик ўртасида ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этувчи ишонч кўзгуси дарз кетганга ўхшайди. 2020 йил Эрон учун оғир бошланганди, аммо Covid-19 инқирози ушбу бўҳрон кўламини янада кенгайтириб юборди.

Иқтисодиётдаги ҳолат ҳавас қилгулик даражада эмас

Нефтга қарамлик, санкциялар, суст қобилиятли капитализм ва хусусий секторнинг деярли мавжуд эмаслиги каби бир қатор омиллар туфайли Эрон иқтисодиёти айни дамда ўз тарихининг энг оғир кунларини яшамоқда. Зотан, давлатнинг 2020 йил бюджети ҳам буни тасдиқлаб турибди. Covid-19 инқирози сабаб кечиктирилган ва парламентда тезда маъқулланган бюджет дастурининг манбалари мамлакатнинг эртанги кундан ташвишда эканига ишора қилмоқда. Кунига бир миллион баррель нефтни 50 долларга тенг базавий нархда экспорт қилишни кутган Эрон бугун ўртача 300 минг баррель нефтни атиги 15 доллардан зўр-базўр сотмоқда.

Савдо секторида ҳам ҳолат ҳавас қилгулик даражада эмас. Чунки Эроннинг энг йирик савдо шериги бўлган ва нефтдан ташқари экспортнинг 23 фоизини ташкил этадиган Хитой билан савдо муносабатлари эпидемия туфайли бир неча ойдан бери тўхтаб қолди. Боз устига, ўтган йили қайд этилган 40 фоиздан юқори инфляция кўрсаткичи ҳам фуқароларнинг кундалик ҳаётига тўғридан тўғри салбий таъсир кўрсатмоқда.

Таъкидлаш жоизки, энг кам иш ҳақини 1 миллион 835 минг туман сифатида белгилашга оид мунозаралар ҳам ҳануз давом этмоқда. Эрон меҳнат қонунининг 41-моддасига биноан, энг кам иш ҳақи ошиши ҳеч бўлмаганда инфляция даражасига тенг бўлиши керак, аммо 21 фоизлик ставка ошиши умумий норозилик кўламининг сезиларли ўсишига олиб келмоқда.

Covid-19 эпидемияси қай томон кетиб бормоқда?

Бу жумбоқ барча дунё халқлари қатори эронликларни ҳам қизиқтирмоқда. Аммо сиёсий мухолифат амалда деярли мавжуд бўлмаган ва давлат ахборот агентликларидан бошқа муқобил ОАВ фаолият олиб бормайдиган Эронда бу саволга аниқ жавоб топиш қийин. Бироқ чекланган бўлса-да, хизмат кўрсатаётган баъзи марказларнинг маълум қилишича, эпидемия мамлакатда 400 кун давомида яшаб қолиши мумкин.

Эрон парламентига қарашли илмий марказ тадқиқотига кўра, октябрь ойи охирида Covid-19’нинг янги тўлқини пайдо бўлиши мумкин. Агар давлат ҳеч қандай чора кўрмаса, 60 миллион одам коронавирус юқтириш эҳтимоли мавжуд. Шу маънода, изоляция масаласи муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланмоқда.

Амалга ошириладиган чораларга мутаносиб равишда қилинган ҳисоб-китоблар қуйидагича: агар мамлакатда 10 фоиз изоляция қўлланса, 2 миллион 400 минг ҳолат ва 30 минг 700 ўлим; 25 фоиз изоляция қўлланса, 1 миллион 600 минг ҳолат, 13 минг 450 ўлим; 32 фоиз изоляция қўлланса, 951 минг ҳолат, 8 минг 630 ўлим; 40 фоиз изоляция қўлланса, 811 мингта ҳолат ва 6 минг 300та ўлим кузатилиши тахмин қилинмоқда.

Ҳукумат вақтдан ютишга уринмоқда

Эрон маъмуриятининг олдин кўрилган чораларни (масалан, шаҳарлараро саёҳатлардаги чекловларни олиб ташлаш) юмшатиши келажакда қандай йўл тутиш борасида чалкашликларга олиб келиши мумкин. Аммо вазият ортида турган ҳақиқат ғоят аниқ. Яъни эмбарголар ва ташқи чекловлар туфайли молиявий манбаларнинг эриши зарур ресурслар топиш масаласида Эронни умидсизлик чоҳи томон судрамоқда.

Айниқса, сўнгги кунларда инқирозни бошқаришдаги муваффақиятсизликлар янада яққол кўзга ташланмоқда. Қолаверса, ушбу вазиятда миллий хавфсизликка оид муаммолар ҳам ҳар қачонгидан кўра устувор аҳамият касб этмоқда. Бир неча ойлик танаффуслар билан асосан иқтисодий сабабларга кўра юзага келган намойишлардан ларзага тушган Эрон маъмурияти Covid-19 сабаб янада оғир тус олган иқтисодий танглик нималарга олиб келишини жуда яхши билиб турибди. Мамлакат аҳолисининг катта қисмини қамраб олган ва асосий эҳтиёжларни қондиришни олдинга сурган ғазабнок намойишлар чиндан ҳам жиддий масала. Шунинг учун ҳам шифохоналардаги муаммоларни ҳал эта олмаган Теҳрон намойишларни имкон қадар кечиктиришга интилмоқда. Яъни давлат вирусни эмас, айни мана шу ҳассосиятни камайтиришга, шу орқали вақтдан ютишга уринмоқда. Айни пайтда эпидемия билан боғлиқ барча қарорларни ҳам айни жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилмоқда. Аммо вазият шу тахлит ёмонлашишда давом этса, халқни ғазаблантириши мумкин бўлган ҳар қандай хато мамлакатдаги барқарорликни тамоман издан чиқариши мумкин.

Мавзуга оид