14:32 / 09.05.2020
7270

Афғонистон ҳукумати жами минг нафар толибни озодликка чиқарди

Толиблар Афғонистон ҳукуматидан АҚШ билан келишувга мувофиқ беш минг нафар маҳбусни озод қилишни талаб қилмоқда.

Фото: AP Photo / Rahmat Gul

Афғонистон ҳукумати айни пайтда “Толибон” ҳаракатининг минг нафар аъзосини озодликка чиқарди, деб маълум қилди мамлакат миллий хавфсизлик кенгаши.

"Коронавирусга қарши курашиш ва тинчлик ўрнатиш йўлида ҳукумат минг нафар маҳбус толибни озодликка чиқарди. Энди "Толибон" Афғонистон мудофаа ва хавфсизлик кучлари хизматчиларини озод қилишни тезлаштириши ва ҳукумат билан бевосита музокараларга тайёрланиши лозим. Буни кечиктириб бўлмайди", - дейилади кенгашнинг Twitter саҳифасида.

Толиблар Афғонистон ҳукуматидан АҚШ билан келишувга мувофиқ беш минг нафар маҳбусни озод қилишни талаб қилмоқда. Ҳукумат босқичма-босқич 1,5 минг маҳбусни озод қилишга рози бўлди.

29 февралда Доҳада АҚШ ва толиблар ўртасида келишув имзоланганди. Келишувга кўра, АҚШ 14 ой ичида ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиши, маҳбуслар алмашинувидан сўнг тинчлик йўлидаги мулоқот бошланиши лозим эди.

Top