Жаҳон | 19:40 / 10.05.2020
29236
3 дақиқада ўқилади

Россияда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари 200 мингдан ошди

Россияда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони ўсиши юқори темпда давом этиб, жами ҳолатлар сони 200 мингдан ошди. Бу вақтда Владимир Путин душанба куни Россияда 11 майдан кейин ҳам ишсиз кунлар муддатини узайтириш масаласини муҳокама қилишга тайёрланмоқда.

Фото: MIKHAIL METZEL/TASS

Журналистларнинг карантин чоралари муддати узайтирилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу масала душанба кунги йиғилишда муҳокама қилинишини билдирди.

Апрель ойи охирида Путин учинчи марта ишсиз кунлар режимини узайтирган ва ҳукуматга 5 майгача карантиндан чиқиш бўйича режа ишлаб чиқишни топшириқ қилганди.

6 май куни Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова президентга чекловларни уч босқичда бекор қилиш бўйича таклиф берди, ҳар бир босқичда фаолиятига рухсат бериладиган соҳалар рўйхати кенгайиб боради. У бундай қарорлар ҳудудлар губернаторлари томонидан қабул қилинишини таклиф қилди.

Россияда дам олиш кунлари 25 мартда бошланганди, 2 апрель куни президент ишланмайдиган кунлар ой охиригача давом этишини эълон қилди. Ўшанда Путин Конституцияга ўзгартириш бўйича умумхалқ референдуми қолдирилганини маълум қилганди.

Тиббий ниқоб мажбурий

Оператив штаб маълумотига кўра, сўнгги бир кунда 11 минг 12 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган, шундан 5551 ҳолат - пойтахт Москвада қайд этилган. Кейинги ўринларда Москва вилояти (20,5 минг киши) ва Санкт-Петербург (7 404 киши) жойлашган.

Россияда жами зарарланиш ҳолатлари сони 209 688тага етган, Москвада 109 740 ҳолат. 

Штаб маълумотига кўра, сўнгги аниқланган ҳолатларнинг қарийб ярмида (42,4 фоизи) инфекциянинг клиник аломатлари бўлмаган.

Мамлакатда сўнгги бир кунда 88 киши коронавирус оқибатида вафот этди, шундан 58 киши ўлими Москвада қайд этилган. Россияда эпидемия бошланганидан буён Covid-19 беморларининг 1915 нафари вафот этган.

Сўнгги бир кунда 2390 бемор соғайган, шундан 1011 киши -  Москвада. Россияда шу вақтгача 34 306 бемор соғайган.

Россия жаҳонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони кўплиги бўйича жаҳон рейтингида бешинчи ўринда қолмоқда. Тўртинчи ўриндаги Буюк Британияда беморлар сони сўнгги бир кунда 3,8 мингдан ортиқроқ ўсиб, 215 мингдан ошган. Россия бир кундан кейин Буюк Британиядан ўзиб кетиб, тўртинчи ўринга кўтарилиши эҳтимоли юқори.

9 май куни Москва шаҳридаги коронавирусга чалинганлар даволанаётган Спасокукоцкий номидаги клиник касалхонада ёнғин содир бўлди. Натижада бир киши ҳалок бўлган. Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ёнғин туфайли эвакуация қилинган 300га яқин беморнинг 108 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлардир.

Аввалроқ Москва мэри Сергей Собянин Россия пойтахтида ўзини изоляция қилиш режимини ва рухсатнома бўйича ҳаракатланиш тизимининг амал қилиш муддатини 31 майга қадар узайтирганди. Москваликлар транспортда, жамоат жойларида ва ишлаб чиқариш ҳудудларида тиббий ниқобда ҳаракатланиш мажбурий қилиб қўйилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид