Жаҳон | 15:43 / 12.05.2020
4222
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони, Кувайт ва БАА нефть қазиб олишни янада камайтирадиган бўлди

ОПЕК+ давлатлари 12 апрелдаги тезкор видеоанжуманда нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича келишувга эришганди. Бу келишув май-июнда нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 9,7 млн, июль-декабрда 7,7 млн, 2021 йил январь-2022 йил апрелда 8,8 млн баррелга қисқартиришни кўзда тутади.

Фото: Daniel Radicevic / imagebroker.com / Global Look Press

Форс кўрфазининг бирданига учта давлати июнда нефть қазиб олишни ОПЕК+ квотасидан ташқари янада қисқартиришини эълон қилди. Гап Саудия Арабистони, Кувайт ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳақида бормоқда, деб хабар берди Reuters агентлиги.

Саудия ҳукумати июндан нефть қазиб олишни суткасига қўшимча 1 млн баррелга қисқартиришга қарор қилди. Шу тарзда июнда ушбу мамлакатда нефть ишлаб чиқариш суткасига 8,5 млн баррел ўрнига 7,5 млн баррелни ташкил этади.

Ар-Риёд ортидан Кувайт ҳукумати ҳам июнда нефть қазиб олиш ҳажмини камайтиришини эълон қилди. Қувайт нефть қазиб олишни ОПЕК+ келишувидаги мажбуриятига қўшимча равишда суткасига 80 минг баррелга қисқартиради.

Шунингдек, БАА ҳам июнда нефть қазиб олишни қисқартирадиган бўлди. Амирликлар нефть ишлаб чиқаришни суткасига 100 минг баррелга камайтиради.

ОПЕК+ давлатлари 12 апрелдаги тезкор видеоанжуманда нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича келишувга эришганди. Бу келишув май-июнда нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 9,7 млн, июль-декабрда 7,7 млн, 2021 йил январь-2022 йил апрелда 8,8 млн баррелга қисқартиришни кўзда тутади.

Келишувга кўра, нефть бозоридаги энг йирик иштирокчилар - Саудия Арабистони ва Россия нефть қазиб олиш ҳажмини 2,5 млн баррелдан, бошқа иштирокчилар эса 2018 йил октябрдаги даражада қисқартиради.

20 апрелда жаҳон биржаларида нефть нархининг пастлаб кетиши хом ашё бозорини остин-устун қилиб юборди. Шу куни Кариб денгизи ҳавзаси ҳамда Шимолий Америкада қазиб олинадиган WTI навидаги нефтнинг 1 баррели мутлақо кутилмаган ҳолда -40 долларгача тушиб кетди.

22 апрелга келиб нархлар бироз «ўзига келди». WTI навли нефтнинг бир баррели 11,47 долларга кўтарилди, Brent навли нефтнинг 1 баррели 16 долларга арзонлашди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид