Ўзбекистон | 20:24 / 13.05.2020
40535
2 дақиқада ўқилади

Беҳзод Мусаев бош вазир ўринбосари сифатида таништирилди

Президент иштирокидаги йиғилишда Беҳзод Мусаев ва Шерзод Кудбиев янги лавозимларга тайинлангани маълум қилинди. 

Мамлакатда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари ҳукумат таркибидаги ўзгаришлар моҳиятига ҳам тўхталиб ўтди.

Маълум қилинишича, бугун президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Ушбу ҳужжат билан бош вазирга янги вазифалар юклатилган, унинг ўринбосарлари ўртасида ҳам вазифалар қайта тақсимланган.

«Ижтимоий соҳанинг аҳамияти ортиб бораётгани боис Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Бу лавозимга шу кунгача Давлат солиқ қўмитаси раиси вазифасида ишлаб келган Беҳзод Мусаев тайинланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ўз навбатида Давлат солиқ қўмитаси раҳбарлигига шу вақтгача президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган Шерзод Кудбиев тайинлангани маълум қилинган.

Йиғилишда Самарқанд ва Қашқадарё вилояти ҳокимлари, бошқа ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари белгиланган вазифалар ижросини ташкил этиш юзасидан ҳисобот берди.

Мавзуга оид