20:38 / 13.05.2020
29111

Хитой ривожланаётган давлатлар қарзларидан воз кечиши мумкинми?

Пандемия ва иқтисодий инқироз шароитида Хитойнинг бошқа давлатларга берган эски қарзларини кечиб юборишига қаратилган даъватлар кўпаймоқда. Аммо Чиндан бундай марҳамат кўрсатишини кутиш ўринлими?

Фото: Reuters / Kim Kyung-Hoon

Жонс Ҳопкинс университетининг сиёсий иқтисодиёт профессори, Хитой-Африка муносабатлари бўйича эксперт Дебора Браутигам The Diplomat нашрида эълон қилинган мақоласида шу ҳақда сўз юритади.

COVID-19 инқирози натижасида қийин вазиятга тушган 90дан зиёд мамлакат ёрдам сўраб Халқаро валюта жамғармасига мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Апрел ойида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси ҳар йили баҳорги муҳокамаларни виртуал шаклда ўтказди ва икки ташкилот Хитойдек йирик кредитор мамлакатларни паст даромадли давлатларнинг қарздорлик мажбуриятини енгиллаштиришга чақирди.

Хитой инқироз қаршисида чорасиз қолганларнинг қарзидан воз кечадими?

Бу бўйича турли қарашлар мавжуд. Хитой инқироздан фойдаланиб, стратегик активларни эгаллаб олади, кўплаб мамлакатларга берган қарзидан кечиб юборади, деган тахминлар бор. Лекин бизнинг тадқиқотимиз бу иккала фараз ҳам хато эканини кўрсатмоқда.

Хитойдан қарз олган мамлакатлар ўсиб бораётган иқтисодий инқироз талафотларини камайтириш учун Хитой оғир вазиятда қарз масалаларини қандай ҳал қилишини билиши керак бўлади.

Хитой паст даромадли қарзларининг аксариятини Африка мамлакатларига берган. Пекин ўзи бераётган ташқи қарзлар ҳақида маълумотларни эълон қилмайди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, бугун Африка мамлакатлари ташқи қарзларининг 17 фоизи Хитой улушига тўғри келади.

Жонс Хопкинс университетининг Хитой-Африка тадқиқот ташаббуси жамоаси ахборотига қараганда, Хитой 2000-2018 йилларда Африкадаги 49та ҳукуматга ва у ерлардаги давлат компанияларига умумий қиймати 152 млрд доллар бўлган юзлаб кредитларни ажратган.

Кредит маблағларида Африка мамлакатларининг улуши турлича. Мисол учун, Африка қарзининг 30 фоизи (43 млрд доллар) биргина Ангола ҳиссасига тўғри келади.

Аммо қарзлар бўйича қоғоздаги рақамларда ноаниқликлар бўлиши мумкин. Чунки Хитой кредитори ҳар доим ҳам имзо чеккан келишув асосида қарз ажратавермайди. Мисол учун, 2017 йилда Хитой Нигерияга ахборот технологиялари, энергетика, транспорт соҳаларидаги лойиҳалар учун 5,3 млрд доллар бериши шартномада акс эттирилган. Аммо амалда келишилган суммадан фақатгина 2,5 млрд доллар ажратилган.

Тадқиқотда 1980-2019 йиллар давомида Хитойнинг ўнлаб қарз мажбуриятлари реструктизацияси, юзлаб қарздан воз кечиш ҳолатлари ўрганиб чиқилди. Хулосалар қуйидагича:

1-афсона: Хитой тез-тез қарзларидан воз кечади

Яқинда ўтказилган ўрганишлардан бири: «Хитой қарзларидан кечиб юбориши – одатий ҳол», деган хулосани илгари сурди. Молиявий таҳлилчилардан бири 2000-2018 йилларда Хитой олдидаги қарз мажбуриятлари енгиллаштирилган субъектларнинг ярмидан кўпининг қарзи охир-оқибатда кечиб юборилганини айтиб (бу – хато), Хитойни «текин пул чиқарадиган машина» деб атади.

Тўғри, 2000 йилдан бери Хитой паст даромадли мамлакатларнинг 4 млрд доллардан ортиқ қарзидан воз кечган, лекин таъкидлаш керакки, ноллаштирилган қарзларнинг деярли ҳаммаси Хитой кредит портфелидаги кичик категорияга тааллуқли – уларнинг аксари хорижий мамлакатларга кўмак тариқасида ажратилган фоизсиз кредитлар бўлиб, кўп ҳолларда қарзни қайтариш муддати ўтиб кетган бўлган.

Африка мамлакатларининг бўйнидаги фоизсиз кредитларнинг бугунги қиймати 10 млн доллар, бу – Хитой кредитининг бор-йўғи 5 фоизидан камроғини ташкил қилади.

2-афсона: Хитой билан қарзлар бўйича музокара олиб бориш қийин эмас

Хитой қарз беришда Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси сингари иқтисодий мажбуриятларни юкламаслиги рост, аммо қарздорликни енгиллатиш ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас: Хитой Молия вазирлиги бошчилигида Савдо вазирлиги, Хитой экспорт-импорт банки, Хитой тараққиёт банкидан иборат қўмита қарздорлик юки бўйича ёрдам олишга номзодларнинг қарзларини бошланғич шартлар асосида бажара олиш-олмаслигини ўрганиб чиқади.

2019 йилда Конго республикаси Хитой олдидаги 1,6 млрд доллар қийматидаги қарзини реструктуризация қилди. Аммо қарздор мамлакатнинг умумий қарзи учун енгиллик берадиган Париж клубидан фарқли равишда, Хитой Конгонинг 20та қарз ҳолатидан 8тасигагина енгиллик берган.

Хитойдан қарз юкларини енгиллаштириш бўйича қилинаётган талабларда бир жиҳат назардан қочирилмоқда – Хитой берадиган қарзларнинг ҳаммаси ҳам давлат ҳисобига тўғри келмайди, қарз берувчи бошқа банк ва компаниялар ҳам бор. Фақатгина Африка мамлакатлари ҳукуматларига Хитойнинг 30дан ортиқ банк ва компаниялари қарз бергани маълум.

2007 йилда Ироқнинг ташқи қарзларидан воз кечишга қаратилган БМТ ташаббусига бошқа мамлакатлар қаторида Хитой ҳам қўшилган эди – Ироқнинг Пекин ҳукумати олдидаги барча қарзларидан воз кечилди. Аммо Хитой компанияларидан тижорий қарз шаклида олинган 8,5 млрд доллар Ироқнинг бўйнидан соқит бўлмади. Уларнинг 80 фоизини ҳисобдан чиқариш учун яна 3 йил музокара олиб боришга тўғри келган.

3-афсона: Хитой кредитлардан воз кечиш эвазига стратегик активларни эгаллаб олади

Тадқиқот давомида биз нафақат Африкада, балки дунё миқёсида ҳам Хитой қарзни қайтариш бўйича қийин вазиятда қолган мамлакатларда активларни мусодара қилгани ҳолатига дуч келмадик.

Шри-Ланкадаги стратегик аҳамиятга эга Ҳамбантота порти билан боғлиқ ҳолат ҳақида кўплаб асоссиз фикрлар юради. Гап шундаки, 2017 йилда Шри-Ланканинг янги сайланган ҳукумати тўлов баланси инқирозига дуч келган ва қарзлардан қутулиш учун қурилишини хитойликлар молиялаштирган Ҳамбантота порти хитойлик инвесторга 1 млрд доллардан ортиқ маблағ эвазига 99 йилга ижарага берилган. Аммо таъкидлаш жоиз, Шри-Ланкадаги бу тўлов инқирози юзага келишига сабабчи Хитой бўлмаган: ўша вақтда мамлакатнинг жами ташқи қарзида Хитойнинг улуши 10 фоиз атрофида эди.

Худди шундай ҳолат Конгода ҳам кузатилган. Оғир вазиятда бўлган Конго Республикаси Хитой молиялаштирадиган 535 км.лик автомагистрални Конго-Хитой-Франция консорциумига беришга мажбур бўлди. Эндиликда автомагистралдан пулли йўл сифатида фойдаланилмоқда.

Юқорида санаб ўтилганлардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, Пекин берган қарзларини ҳақиқатан ҳам ва кенг кўламда енгиллатиши эҳтимоли кам.

Top