Жаҳон | 23:37 / 14.05.2020
5183
2 дақиқада ўқилади

ЖСТ бош директори муддатдан бир йил олдин истеъфога кетади

Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Роберту Азеведу ўз лавозимини белгиланган муддатдан бир йил аввал – 2020 йил 31 августда тарк этади.

Фото: EPA

Бу ҳақда унинг ўзи ЖСТга аъзо давлатлар вакилларининг онлайн-форматда ўтган йиғилишида маълум қилди.

“Бу шахсий, оилавий қарор ва у ЖСТ манфаатларига тўғри келади, деб ишонаман”, деб айтган 62 ёшли Азеведу.

ЖСТ раҳбарининг таъкидлашича, унинг ўз лавозимидан барвақт кетиши ташкилотга аъзо давлатларга 2021 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган ЖСТнинг 12-вазирлар анжуманига тайёргарликдан эътиборни чалғитмасдан яқин ойларда унга ворис топиш имконини беради. 

“Биз ворисимга нафақат анжуманни ўтказишни, балки ушбу анжуман ташкилотнинг келажагига қандай мос келишини режалаштиришга вақт беришимиз лозим. Янги бош директор ўз лавозимини қанча эрта эгалласа, шунча яхши бўлади”, деб таъкидлаб ўтилган Азеведунинг баёнотида.

Келиб чиқиши бразилиялик бўлган Азеведу ушбу лавозимни 2013 йил сентябрдан бери эгаллаб келади. Унинг ушбу лавозимдаги иккинчи 4 йиллик муддати 2017 йил сентябрда бошланган ва 2021 йил августи охирида тугаши керак эди.

ЖСТ қоидаларига кўра, ташкилотга аъзо давлатлар янги раҳбарни яқин ойларда тайинлашлари керак. Агар бу 1 сентябргача юз бермаса, унда ЖСТ раҳбари лавозимини Азеведунинг 4 ўринбосаридан бири вақтинча эгаллайди.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ЖСТ АҚШга адолатсиз муносабатда эканини айтган ва ўзгаришлар юз бермаса, ташкилотдан чиқиб кетиш билан таҳдид қилган.

Жумладан, Азеведу 14 майдаги йиғилишда “дунёда чуқур ўзгаришлар бўлаётган бир вақтда ЖСТ бир жойда қотиб қололмаслигини” айтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид