Жаҳон | 23:50 / 15.05.2020
6361
1 дақиқада ўқилади

Қатарда ниқоб тақмаганлик учун 3 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин

Қатарда 17 май кунидан ниқобларни тақиб юриш шарт қилиб қўйилди. Ҳимоя ниқобларини барча тақиши керак бўлади, йўқса бунинг учун 55 минг доллар жарима солиниши ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин. 

Фото: Anadolu agency

Қатарда коронавирус тарқалиши олдини олиш учун киритилган чораларга риоя қилинишини кафолатлаш мақсадида ҳукумат қоидабузарларга нисбатан жиддий санкциялар жорий қилишга қарор қилди. Ниқобларни тақмайдиганлар 200 минг Қатар риёли (55 минг доллар) жарима тўлашига тўғри келади. Баъзи ҳолатларда ниқоб тақиш режими қоидабузарларига янада қатъийроқ чора – 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.

Қоидабузарларни оқлаш учун ҳеч қандай важ асос бўла олмайди: барча фуқаролар уйдан чиққанда ниқоб тақишлари шарт бўлади. Фақатгина автомобилни бошқараётганда киши бир ўзи бўлгандагина ниқоб тақмасликка рухсат берилади.

Қатарда сўнгги суткада коронавирусдан 1733 та касалланиш ҳолати қайд этилиб, касалланганлар умумий сони 29 мингдан ошиб кетган. Вафот этганлар сони 14 нафарни ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид