Жаҳон | 19:03 / 16.05.2020
42699
2 дақиқада ўқилади

Германияда АЭС минораси портлатилди

Фото: Sky News

Германиянинг Филиппсбург шаҳри аҳолиси ўзига хос воқеага гувоҳ бўлди. 15 май тонгида мамлакат жанубий-ғарбида жойлашган АЭС миноралари портлатиб юборилди. 152 метрдан бўлган иккита минорани портлатиш ишларига 4 йил давомида тайёргарлик кўрилганди.

Портлатиш тонг саҳарда амалга оширилгани учун кўпчиликни қўрқитиб юборди. Лекин бу ҳақда атайин огоҳлантириш берилмаганди, чунки жараённи томоша қилиш учун кўпчилик йиғилиши ва бу одамларнинг зарарига ишлаши мумкин эди. Минораларнинг ҳар бирига 1 110тадан портлатувчи восита қўйилганди.

Энди Филиппсбургдаги атом электростанцияси ўрнида қайта тикланувчи энергияни мамлакатнинг жанубий-ғарбига тарқатиш учун улкан станция барпо этилади.

Маълумот учун, Германия 2011 йилда АЭСлардан воз кечиш борасида бир қарорга келган ва ўшанда ишлаб чиқилган режага кўра, 2022 йилда мамлакатдаги охирги АЭСлар бузиб ташланиши керак. Германия қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш ишлари учун узоқ йиллик режа ишлаб чиққан ва бу учун 1 триллион евро сарфлашга тайёрлиги маълум бўлганди.

2011 йил Япониянинг Фукусима АЭСида содир бўлган авария Германияда атом электростанцияларини ёпиш ишларини тезлаштириб юборганди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид