Франкфурт-Майн Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган мулоқотда Германиянинг йирик хизмат кўрсатиш компанияларидан бири — WISAG раҳбарияти, палата вакиллари ҳамда Ўзбекистон томонидан Миграция агентлиги ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда кадрларни Германия меҳнат бозори талаблари асосида тайёрлаш, немис тилига ўқитиш ва фуқароларни ташкилий тарзда ишга жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
WISAG компанияси вакиллари Германияда фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассисларнинг касбий маҳорати, меҳнат интизоми ва масъулиятини юқори баҳолаб, ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Музокараларда Германия визасини расмийлаштириш жараёнининг узоқ давом этаётгани меҳнат миграцияси суръатига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам қайд этилди. Немис томони мазкур муаммони ўрганиб чиқиш ва уни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўришга тайёр эканини маълум қилди.
Учрашув якунлари бўйича немис тилини ўзлаштирган ўзбекистонлик мутахассислар ҳақидаги маълумотларни Германиядаги иш берувчиларга тақдим этиш ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.











