Ўзбекистон | 14:09 / 16.05.2020
11437
2 дақиқада ўқилади

Сардоба тошқинидан 7та қабристон, 3та масжидга зарар етгани айтилди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Сирдарё вилояти «Сардоба» сув омборидаги техноген офат оқибатида ҳудуд ижтимоий инфратузилмасига етган талафот кўрсаткичларини маълум қилди.

Унга кўра, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги жами 34та ижтимоий соҳа объекти қисман ва тўлиқ даражада зарар кўрган.

9та мактабгача таълим ташкилоти, 14та мактаб, 1та касб-ҳунар коллежи биноси, 4та соғлиқни сақлаш муассасаси мукаммал таъмирланади. Шунингдек, 2та мактаб ва 3та тиббиёт муассасасини реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Зарар кўрган ҳудудда янги 1та мактабгача таълим ташкилоти, 1та мактаб, 1та тиббиёт муассасаси қурилиши режалаштирилган.

Талафот кўрган жойларда жами 7та қабристон ва 3та масжидга зарар етган бўлиб, уларнинг ҳудудини сувдан тозалаш, санитария ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 

Шунингдек, профилактика инспекторларининг 6та хизмат уйларига талафот етган бўлиб, улар Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан таъмирланади.

Маълум қилинишича, техноген офат оқибатида 282та тадбиркорлик субъекти (53та юридик ва 90та якка тартибдаги тадбиркорлар)нинг 143та мулки зарар кўрган. Тадбиркорлик субъектларининг тўлиқ рўйхатини шакллантириш, зарар етган мулкларнинг суғурталанганлигини аниқлаш, мустақил ташкилотлар томонидан зарар етган объектларни баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозиргача амалга оширилган ҳаракатларга кўра, сув босган 25та аҳоли пунктининг 13таси сувдан, 20тасининг ҳудуди чиқиндилардан тозаланган. 4 586та уй чиқиндилардан тозаланиб, сувдан тозаланган хонадонларда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид