22:28 / 18.05.2020
58146

Қримтатар халқи сургунига 76 йил тўлди. Воқеа қандай рўй берганди?

Совет маъмурияти томонидан 1944 йил 18 майда ўз ватанидан сургун қилинган қримтатарларнıнг ярасидан ҳамон қон оқмоқда.

Фото: BBC Türkçe

Совет иттифоқи раҳбари Иосиф Сталиннинг қарори билан Қрим татарларининг бундан нақ 76 йил олдин, айни шу куни ярим кечаси тўплаб, вагонларда Марказий Осиёга сургун қилинишидан сўнг пайдо бўлган оғриқлар ҳамон юракларда ҳис этилмоқда.

Тарих тарих бўлибдики, Қора денгиздан ўз стратегик манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган русларнинг Қрим ярим оролидаги ҳисоб-китоблари тугамаган. Шу боис ҳам Екатерина II даврида Қрим татарларига қарши бошланган зулм ва геноцид сиёсати кейинги даврларда ҳам фожиали тарзда такрорланди.

Усмонли турклар ва Чор Россияси ўртасидаги урушдан кейин 1774 йилда имзоланган Кичик Қайнаржа шартномаси билан Усмонлилар империясидан ажралган Қрим хонлигини 1783 йилда Россия ишғол этиши билан Қрим татарлари учун оғир ва машаққатли кунлар бошланади.

Россиянинг босим ўтказувчи сиёсати туфайли ўн минглаб қримтатарлар Усмонлилар давлатининг турли минтақаларига кўчиб ўтишга мажбур бўлишди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида советлар Россияси Қримни немисларга қолдиришга мажбур бўлади. Қрим татарлари советлар сафида фашистлар Германиясига қарши мардонавор курашди. Шунга қарамай, рус қўмондонлари Қрим татарларини «немислар билан ҳамкорлик қилиш»да айблади.

Қизил армия Қримни Гитлер Германиясидан қайтариб олгач, руслар Қрим татарларига яна зулм ўтказа бошлайди. Совет маъмурияти томонидан Қрим татарларига қарши ҳисоботлар тайёрланди ва уларни ўз юртларидан тамоман ҳайдаб чиқариш талаб қилинади.

Совет иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин махфий фармонга имзо чекади ва Қрим татарларини Марказий Осиёга сургун қилишга қарор беради. Сургун 20 май куни бошланиши ва 1 июль куни якунланиши керак эди. Бироқ операция 2 кун олдин олиб борилиб, 1944 йил 18 май куни соат 03:00 атрофида Қрим татарларнинг сургун қилиниши бошланиб кетади. Сургунни тезда тугатиш мақсадида операцияни 1 июнга қадар бажариш буюрилади.

Фото: Википедия

Ўша пайтда Иккинчи жаҳон уруши давом этаётгани боис Қрим татарларининг аксарияти Гитлер Германиясига қарши совет қўшини таркибида жанг қилаётганди. Қримда қолдирилган аёллар, болалар ва қариялар ярим тунда совет аскарлари томонидан уйғотилиб, 15 дақиқада майдонларга йиғилади ва поезд вагонларига чиқарилади. Шу асно 250 мингга яқин қримтатарлар 3 кун ичида ҳайвон ташишга мўлжалланган вагонларда Марказий Осиёга бадарға қилинган. Депортация қилинганларнинг деярли ярми касаллик, очлик ва оғир шароитлар туфайли йўлда вафот этади.

Қримтатарлар ярим оролдан ҳайдалгандан сўнг турк дунёси маданияти ва бошқа жамоаларнинг изларини ўчириб ташлаш учун тизимли ишлар олиб борилди. Масалан, 1944 йил охирида совет иттифоқи ҳукумати томонидан чиқарилган қарор билан Қримдаги барча жой номлари русчага ўзгартирилади.

Сталин вафотидан кейин Украинанинг Россияга қўшилишининг бир йиллиги муносабати билан Қрим Украина совет социалистик республикасига ҳадя этилади. 1965 йилдан эътиборан Қримдан қувилган татарлар ўз ватанларига қайтиш учун сиёсий фаолият билан шуғулланишга киришди.

Совет иттифоқи парчаланганидан сўнг, Қрим татарларининг ватани Украинага қарашли Қрим автоном республикасига айланди.

2014 йилда Россия ноқонуний равишда Қримни аннексия қилди. Шу асно Қрим татарлари яна Екатерина II ва Сталин давридаги каби зулм сиёсатининг қурбонига айланишди.

Қрим татарлари орасида эҳтимолий хавф сифатида кўрилганлар эса ноқонуний сабаблар билан таъқиб қилиниб, қамоққа ташланди. Қрим татарларидан чиққан таниқли шахслар ҳам яриморолга кириши тақиқлаб қўйилди. Қримтатар халқининг раҳбари Мустафо Абдулжамил Қирим ўғлига ва қримтатарларнинг иродасини ифодаловчи Қримтатар миллий мажлиси (КТММ) раиси Рефат Чубаровга яриморолга кириш қатъиян ман этилди.

Қримтатар миллий мажлиси «экстремистик ташкилот» сифатида баҳоланиб, фаолияти тақиқланди. Парламент билан бевосита алоқада бўлган 2500 татар ва уларнинг яқинлари экстремистик ташкилот аъзоси қаторига киритилди.

Россия маъмуриятининг босими туфайли минглаб қримтатарлар яриморолни тарк этишга мажбур бўлишди.

Яриморолда қримтатар халқининг уйлари, масжидлари, болалар боғчаларига қилинган босқинлар ва «террорчи ташкилот аъзо бўлиш» айблови билан ҳибсга олишлар ҳануз давом этмоқда. КТММ таҳлилига кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида Россия хавфсизлик кучлари томонидан қримтатарларнинг уйлари, масжидлари ва мактабларида 86 марта рейд ўтказилган. Ушбу рейдлар давомида 335 киши қўлга олинган, 194 киши сўроқ қилинган, 157 киши эса қамоққа тиқилган.

Top