16:58 / 19.05.2020
11005

Сув тошқинидан жабр кўрганларга компенсация тўлови учун аҳолига пластик карталар очиб берилмоқда

Талофат кўрган 4 351та хонадон эгаларига уларга тўланадиган компенсация пулларини тушириш учун янги пластик карталар очиб берилди. Бунинг учун улардан банк хизматларига ҳеч қандай тўлов ундирилмаган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мурод Содиқов Сирдарё вилоятида тошқиндан зарар кўрган ҳудудларда қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.  

Унинг таъкидлашича, айни пайтга қадар Халқ банки томонидан тошқинда талафот кўрган 4 351та хонадон эгаларига уларга тўланадиган компенсация пулларини тушириш учун янги пластик карталар очиб берилган. Бунинг учун улардан банк хизматларига ҳеч қандай тўлов ундирилмаган. Шунингдек, 294 кишининг йўқолган пластик карталари қайта тикланган.

«Бундан ташқари, талафот кўрган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банклардан мавжуд 186,2 миллиард сўмлик кредитни қайтариш муддати 6 ойгача узайтириб берилди.

Жиддий зарарланган 541 уйда таъмирлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда», дея қайд этди Мурод Содиқов онлайн брифингда.

Бундан ташқари, ҳозирга қадар 1 349 нафар фуқаронинг биометрик паспортлари тикланган, қайта ўрганиш натижасида 1 116 фуқаронинг паспорти топилган. Ҳозирги кунда 983 фуқаронинг паспортларини тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, 818та туғилганлик ва 12та ўлим ҳақидаги, 291та никоҳ гувоҳномалари ҳам тикланган.

Маълумот учун, аҳолининг тошқинда йўқолган ҳужжатлари давлат ҳисобидан тиклаб берилади.

Бундан аввалроқ сув тошқинидан жабрланган 4,5 мингдан ортиқ оила бошлиқларига 40 миллион сўмдан берилиши маълум қилинганди.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top