Иқтисодиёт | 00:52 / 19.05.2020
13213
3 дақиқада ўқилади

Пандемия I чоракда Ўзбекистон давлат бюджети даромадларига жиддий таъсир қилмади

Коронавирус пандемияси 2020 йилнинг дастлабки чорагида бюджет даромадларининг тушумига катта таъсир кўрсатгани йўқ. Сабаби – бу даврда бюджет даромадлари асосан 2019 йилнинг декабрь – 2020 йилнинг февраль ойларидаги иқтисодий фаолият натижаларидан шакллантирилган.

Фото: Pinterest

Бу ҳақда Молия вазирлиги тақдим қилган «2020 йил I чорак якунлари бўйича Давлат бюджети ижроси тўғрисида ахборот-таҳлилий шарҳ»да айтилган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг 2020 йил I чоракдаги даромадлари 28,5 трлн. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 трлн. сўмга кўпни ташкил этди.

Шундан 23,8 трлн. сўм (83,5 фоиз) – солиқлардир. Солиқ тушумлари ўтган йилнинг I чораги билан солиштирганда 5,3 трлн. сўмга кўпайган.

«Йирик солиқ тўловчилар бўйича минтақалараро инспекция тўлиқ фаолият юрита бошлади ва 15,4 трлн. сўм ёки солиқ органлари томонидан маъмурийлаштириладиган барча даромадларнинг 65 фоизи йиғилишини таъминлаб берди», – дейилади докладда.

Ҳисобот даврида божхона тўловлари тушуми 4,8 трлн. сўмни ташкил қилган. Ўтган йилнинг шу даврида бу миқдор 3,4 трлн. сўм бўлган эди.

Бу тушумлар орасида энг катта улушни қуйидагилар ташкил этди: импорт қилинадиган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғи - 3,8 трлн. сўм, акциз солиғи – 0,2 трлн. сўм, божхона божи – 0,6 трлн. сўм.

Солиқлар кесимида давлат бюджети даромадларининг асосий улуши қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилди: ҚҚС – 7,2 трлн. сўм (умумий тушумларнинг 25,4 фоизи), фойда солиғи – 6,3 трлн. сўм (22,1 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи – 3,6 трлн. сўм (12,5 фоиз), ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ – 3,9 трлн. сўм (13,6 фоиз) ва акциз солиғи – 3,2 трлн. сўм (11,1 фоиз).

Қўшилган қиймат солиғи бўйича жорий йил I чорагидаги тушумлар (7,2 трлн. сўм) ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 0,5 трлн. сўмга камайди. Тушумлар ҳажмининг камайишига солиқнинг 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилиши, шунингдек янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилиниши билан 2020 йил 1 январдан янги қоидаларнинг кучга киритилиши омил бўлди.

Эслатиб ўтамиз, иқтисодий инқироз оқибатларини юмшатиш учун имзоланган бир нечта президент фармонларида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қатор солиқ енгилликлари бериш кўзда тутилган.

18 май эълон қилинган фармон асосида кичик тадбиркорлик ва бошқа қатор субъектлар 1 июндан 1 сентябргача мол-мулк ва ер солиғи тўлашдан озод этилди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, йилнинг биринчи чорагида импорт 9,7 фоизга, экспорт 10,9 фоизга қисқарган. Ташқи савдодаги дисбаланс манфий 1,3 млрд долларга етди.

Январь-март ойларида аҳоли жон бошига ЯИМ 3,2 млн сўмни ташкил этиб, ўтган йил билан солиштирганда 2 фоизга ўсди. Бу кўрсаткич 2018 ва 2019 йил январь-март ойларида мос равишда 3,9 фоиз ва 3,8 фоизни ташкил этганди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид