Ўзбекистон | 10:38 / 21.05.2020
27322
2 дақиқада ўқилади

Бирламчи бозордан уй сотиб олганда тўланадиган 5 фоизлик ставка бекор бўлди

Эндиликда Тошкентда «пропискага» эга бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари шаҳарда янги қурилган уйларни сотиб олиб расмийлаштиришда алоҳида тўлов қилмайди.

Президент 20 май куни «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» Қонунни (ЎРҚ-619-сон, 20.05.2020 й.) имзолади.

Киритилган ўзгартишларга кўра, Ўзбекистонда доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахслар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мулк сотиб олинганда мол-мулкнинг олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун шартнома суммасининг 5 фоизи миқдордаги давлат божининг алоҳида ставкаси чиқариб ташланди.

Ушбу қонун расман эълон қилинган кундан, яъни 21 майдан эътиборан кучга киради.

Эндиликда янги уй олаётганлар уйни расмийлаштиришда уй нархининг 5 фоизи миқдорида эмас, 100 кв.м.гача бўлган уйлар учун 223 минг сўм давлат божи тўлаши керак бўлади холос. 100-200 кв.м. учун 446 минг сўм, 200 кв.м.дан ошиқ бўлса, 669 минг сўм тўланади.

Ушбу қонун лойиҳаси шу йил мартида муҳокама учун қўйилганди.

11 май куни сенаторлар «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги» қонунни маъқуллашганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид