13:53 / 21.05.2020
9746

ДХХ Сирдарёда тошқиндан зарар кўрган аҳолига яқиндан ёрдам бермоқда

Бугунги кунда Сардоба сув омборидаги тошқин оқибатларини бартараф қилишда барча масъул ташкилотлар қаторида Давлат хавфсизлиги хизмати идоралари ходимлари ҳам фаол иштирок этган ҳолда уйлари талафот кўрганларнинг оғирини енгил қилиб, уларнинг яшаш шароитларини яхшиланиши учун ўзларининг жонбозликларини намоён этишмоқда.

Фото: ДХХ

Бир гуруҳ ходимлар 1 май куни техноген вазият вужудга келган кундан бошлаб зарар етказилган жойларга ҳар куни чиқиб, тошқин туфайли талафот етказилган Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида олиб борилаётган қидирув-қутқарув ишларида қатнашиб, аҳолига яқиндан ёрдам бериб келишяпти.

Жумладан, Мирзаобод тумани ҳудудида тошқиндан зарар кўриб, кейинчалик қайтиб келган 160 нафар фуқаро билан боғлиқ озиқ-овқат муаммоси юзага келганлиги аниқланиб, туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари кечиктирилмасдан тарқатилди. Бундан ташқари, Сардоба туманининг “Юртдош” МФЙ ҳудудидаги 50 та хонадонда яшовчилар ишчи гуруҳга ичимлик суви етказиб берилмаётганлиги ҳақида мурожаат қилган эдилар. Ушбу муаммо туман “Сувоқава” бошқармаси ходимларини жалб қилган ҳолда тезда ўрганиб чиқилиб, имконият даражасида ижобий ҳал этилди.

ДХХ ходимларининг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан Оқолтин туманининг сув тошқини юз берган “Аҳиллик” маҳалласидаги 60 та хонадон вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимлари томонидан талаб даражасида сифатли дезинфекция қилинди.

Шу билан бирга, “Навбаҳор” МФЙда яшовчи Х.Шарипова билан суҳбат ўтказилганида, маҳалла ҳудудидан “Баҳористон” МФЙга эвакуация қилинган 126 нафар фуқарога 11 май кунидан буён озиқ-овқат маҳсулотлари берилмаётгани, бундан ташқари, уларга дори воситалари ҳам зарурлиги тўғрисидаги маълумотлар олиниб, тез орада туман ҳокимлиги вакилларини жалб қилган ҳолда ушбу камчилик ҳам бартараф этилди.

ДХХ ходимлари тошқиндан азият чеккан одамларга ҳамдард, ҳамнафас бўлиб, уларни тушкунлик ҳолатидан чиқариш, кайфиятини кўтариш, маънавий куч-қувват бағишлаш учун зарур психологик тавсиялари ва маслаҳатларини аямай, мавжуд муаммоларини бартараф этишни давом эттиришмоқда, дейилади ташкилот хабарида.

Top