08:01 / 21.05.2020
9527

Ироқда ал-Бағдодийнинг эҳтимолий вориси қўлга олинди - ОАВ

Ироқ махсус хизматлари ИШИД террорчи ташкилотининг янги эҳтимолий раҳбари – Абдуллоҳ Қардошни қўлга олди.  

Фото: alsumaria.tv

Бу ҳақда Alsumaria телеканали хабар берди.  

“Бугун [20 май куни] террорчи Абдул Носир Қардош ҳибсга олинди, у жиноятчи ал-Бағдодий ўрнини эгаллашга номзод ҳисобланган. У ишончли маълумот асосида ҳибсга олинган”, дейилган Ироқ разведкаси баёнотида.

Таъкидланишича, Абдуллоҳ Қардош ва Абу Умар ат-Туркманий номлари билан ҳам маълум бўлган террорчининг ҳақиқий исми Амир Муҳаммад Саид Абдулраҳмон ал-Мовул бўлиб, у 1976 йил Ироқда туғилган ва Мўсул университетида шариат бўйича таҳсил олган.

Қардош “Ал-Қоида” сафларига кирган ва унинг асосий ғоячиларидан бири бўлган. ОАВ маълумотларига кўра, Қардош 2019 йил октябрда ИШИДнинг аввалги етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий йўқ қилингандан бир неча соат ўтгач террорчи ташкилотнинг янги етакчиси этиб тайинланган.

Баъзи маълумотларга кўра, ал-Бағдодий Қардош билан 2004 йил АҚШнинг Ироқдаги турмаси Кэмп-Буккада ўтирганда танишган.

У 2015 йилдан АҚШнинг террорчилар рўйхатига киритилган. Вашингтон унинг боши учун 5 млн доллар мукофот пули эълон қилган.

Top