Ўзбекистон | 05:45 / 24.05.2020
8376
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz барчани Рамазон ҳайити байрами билан муборакбод этади

Kun.uz жамоаси жумла мўмин-мусулмонларни улуғ айём – Рамазон ҳайити байрами билан қутлайди.

Бу йилги Рамазон ойига тиббий чекловлар тўғри келгани каби, Ҳайит байрами ҳам ўзгача бир муҳитда – коронавирус пандемияси боис жорий қилинган карантин шароитида нишонланмоқда. Шунга қарамай, ойларнинг султони Рамазонда ҳар бир мўмин-мусулмон уйларида бўлсин, имконлари етгунича тоат-ибодатда бўлишга ҳаракат қилди. 

Ҳосил етилганидан сўнг йиғиб олинганидек, бугун шундай бир кунки, бу кунда Рамазон ойида қилинган ибодатлар қабул бўладиган, унга беҳисоб ажр-у савоблар бериладиган ҳамда гуноҳлардан покланадиган кундир. Бу кунда қилинган хайрли дуолар мустажоб бўлишини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраймиз. 

Қалбларимиздаги иймон янада зиёда бўлсин, хонадонларимиздан қут-барака аримасин, ватанимиз янада обод, халқимизнинг турмуши янада фаровон бўлсин! Коронавирус пандемияси ҳам дунёдан тезда бартараф бўлсин!

Ширин калом улашиш, меҳр кўрсатиш, ота-оналаримиз дуосини олиш, табассум билан муомалада бўлиш каби юксак ахлоқ намуналари мўмин-мусулмоннинг нафақат улуғ айём кунларидаги, балки кундалик ҳаётидаги ажралмас одобидир.

Дунё мўмин-мусулмонларининг ҳаётида бугунги хурсандчилик кунлари бардавом бўлишини тилаган ҳолда, истагимиз шуки, хонадонингиздан тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингиздан қут-барака ва турмушингиздан яхшиликлар аримасин.

Аллоҳ таоло Рамазон ойида қилган ибодатларимиз ва тавбаларимизни қабул қилсин. Ҳақ йўлдан адаштирмасин. Хайрли амалларимиз йилбўйи бардавом бўлишини насиб этсин, бу ишларга Ўзи муваффақ айласин. Билиб-билмай қилган катта-ю кичик гуноҳларимизни кечирсин!

Рамазон Ҳайити муборак бўлсин!

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид