Жаҳон | 14:37 / 26.05.2020
3214
2 дақиқада ўқилади

Англияда 15 июндан ноозиқ-овқат дўконлари очилади

Бош вазир Борис Жонсон чекловлар олиб ташланганидан сўнг мамлакат иқтисодиётини тезроқ тиклаш учун аҳолини пулларини сарфлашга чақирди.

Фото: Dan Mullan/Getty Images

Англияда 1 июндан очиқ ҳаводаги бозорлар ва автосалонларнинг ишлашига қўйилган тақиқ бекор қилинади, 15 июндан ноозиқ-овқат дўконлари очилади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Борис Жонсонга таяниб Bloomberg хабар берди.

15 июндан кийим-кечак, пойабзал, ўйинчоқ, мебель, китоб ва электроника дўконлари, ателье, фотостудия, ёпиқ бозорлар ва кимошди савдо уйлари фаолиятини қайтадан бошлайди.

Британия бош вазирининг таъкидлашича, савдо нуқталари фаолиятини бошлаш учун коронавирус тарқалишига қарши чора-тадбирларни кўриши керак. 

Хабарда айтилишича, харидорлар тез-тез қўлини тегизадиган буюмлар юзалари мунтазам тозалаб турилиши, харидорлар қайтариб келган буюмлар камида 72 соат сақланиши каби талаблар қўйилмоқда.

Жонсон шунингдек, чекловлар олиб ташланганидан сўнг мамлакат иқтисодиётини тезроқ тиклаш учун аҳолини пулларини сарфлашга чақирди.

Эълон қилинган юмшатиш чоралари фақат Англияга тааллуқли. Буюк Британиянинг бошқа қисмлари  - Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия чекловларни ўз ҳукуматлари белгилаган жадвал асосида бекор қилади.

Жонс Ҳопкинс университетининг маълумот беришича, Буюк Британияда коронавирусга чалинганлар сони 260 мингдан ошган, 37 мингга яқин бемор вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид